Logo

Қайси давлатларнинг олтин-валюта захиралари кўп?

Bugun 14:352 daqiqa

Олтин-валюта захиралари давлатларнинг молиявий барқарорлиги ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлайдиган энг муҳим молиявий воситалардан бири ҳисобланади. Бироқ турли давлатлар бу борада ҳар хил йўл тутади. Айрим мамлакатлар олтин захираларини кўпайтиришга устувор аҳамият берса, бошқалари хорижий валюта захираларига кўпроқ таянади.

Қайси давлатларнинг олтин-валюта захиралари кўп? © Bloomberg

Олтин-валюта захиралари нима учун керак? Улар миллий валюта курсини барқарор сақлаш, мамлакатнинг халқаро тўловларини амалга ошириш, ташқи қарзларни тўлаш ва энг зарур импорт маҳсулотларини сотиб олишга ёрдам беради. Бошқача айтганда, бу захиралар мамлакат учун қийин вазиятларда фойдаланиладиган молиявий хавфсизлик ёстиғидир.

2026-йил сентябр ойидаги маълумотларга кўра, Хитой энг катта молиявий захирага эга мамлакат ҳисобланади. Бироқ унинг захираларининг асосий қисми хорижий валютадан иборат — 3 трлн 466 млрд 900 млн доллар. Олтин захираларининг қиймати эса 323,5 миллиард долларга тенг. Шу тариқа, мамлакат умумий захираларида олтиннинг улуши атиги 8,5 фоизни ташкил этади. Шунга қарамай, бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан ошган. Ўшанда олтиннинг улуши 5,4 фоиз эди.

Олтиннинг умумий захиралардаги улуши олтин захиралари қийматини валюта ва олтин захираларининг жами қийматига бўлиш орқали ҳисобланган.

АҚШ дунёдаги энг кўп олтин захирасига эга мамлакат ҳисобланади. Унинг умумий захираларининг 81,8 фоизи олтиндан иборат. Олтин захиралари қиймати 1 трлн 92 млрд 100 млн долларга, хорижий валюта захиралари эса 242,8 миллиард долларга тенг. Олтин улуши юқори бўлган яна бир мамлакат — Германия. Унда бу кўрсаткич 81,4 фоизни ташкил этади. Бироқ умумий захиралар ҳажми бўйича Германия олтинчи ўринда туради.

Олтин-валюта захиралари ҳажми бўйича кучли учликдан Япония ҳам жой олган. Бу мамлакат асосан хорижий валюта захираларига таянади. Унинг валюта захиралари 1 трлн 65 млрд 300 млн доллар, олтин захиралари эса 113,6 миллиард долларга тенг.

Кейинги ўринда Ҳиндистон туради. Унда 638,9 миллиард долларлик валюта захиралари ва 118,2 миллиард долларлик олтин захиралари мавжуд. Кучли бешликни Россия якунлайди. Мамлакатнинг валюта захиралари 430,2 миллиард доллар, олтин захиралари эса 304 миллиард долларни ташкил этади. Демак, Россия умумий захираларининг 41,4 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери энг паст даражага тушганди.

Teglar

Mavzuga oid