Қирғизистон санкция хавфи туфайли 50 компания фаолиятини тугатмоқчи
Қирғизистон ҳукумати Ғарб ҳамкорлари сўровига биноан санкцияларни четлаб ўтиш билан боғлиқ юқори хавфли операцияларга алоқадор деб ҳисобланган 50 та юридик шахсни тугатиш жараёнини бошлади.

Қирғизистон Ғарб давлатлари билан санкцияларга риоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда. Мамлакат президентининг санкция сиёсати бўйича махсус вакили ва иқтисодиёт ҳамда тижорат вазири Бакит Сидиков маълум қилишича, ҳозирда АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ҳамкорлари сўровига кўра 50 та юридик шахсни тугатиш ишлари олиб борилмоқда.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур компаниялар халқаро санкцияларни четлаб ўтиш билан боғлиқ юқори хавфли операцияларда иштирок этган бўлиши мумкин. Қирғизистон 2023 йилдан буён халқаро ҳамкорлар билан доимий мулоқот олиб бориб, мамлакат ҳудуди ва молиявий инфратузилмасидан ноқонуний фаолият учун фойдаланилишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Криптовалюталар назоратда
Ҳукумат виртуал активлар ва криптовалюта бозорига алоҳида эътибор қаратмоқда. Расмийларга кўра, рақамли молия технологиялари иқтисодиёт учун янги имкониятлар яратса-да, пул ювиш, ноқонуний фаолиятни молиялаштириш ва санкцияларни четлаб ўтиш хавфларини ҳам оширади.
Шу муносабат билан президент ҳузурида Виртуал активлар ва блокчейн технологиялари миллий агентлиги ташкил этилди. Давлат органлари бозор иштирокчиларини мониторинг қилишни кучайтириб, қонунчиликни FATF тавсиялари асосида такомиллаштирмоқда ҳамда блокчейн транзакцияларини таҳлил қилишнинг замонавий воситаларини жорий этмоқда.
Санкциялар босими
Сўнгги йилларда Россияга қарши жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда гумон қилинган қатор қирғиз компаниялари халқаро чекловларга дуч келди. Европа Иттифоқининг 20-санкциялар пакети доирасида криптовалюта платформаси TengriCoin, шунингдек Керемет Банк ва Капитал Банкка нисбатан чекловлар жорий этилди.
2024–2025 йилларда эса АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва Канада томонидан бир нечта қирғиз банклари, тўлов платформалари ва криптовалюта биржаларига қарши санкциялар қўлланди. Бироқ мамлакат раҳбарияти бу чораларни асоссиз деб баҳолаб келмоқда. Қирғизистон президенти Садир Жапаров БМТ минбаридан туриб Ғарбнинг иқтисодий чекловларини танқид қилиб, улар мамлакат иқтисодиёти ривожига тўсқинлик қилаётганини билдирган.





