Қишлоқларда нақд пул муаммоси ҳал этилдими?
Марказий банк қишлоқларда нақд пул етишмаслиги агентлар орқали ҳал этилаётганини маълум қилди.

Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевнинг таъкидлашича, қишлоқ жойларда нақд пулга етишиш муаммосини ҳал қилиш учун тўлов ташкилотлари орқали махсус агентлар тизими йўлга қўйилган.
Унинг сўзларига кўра, бу агентлар орқали аҳоли нафақат пул ечиб олиши, балки ҳисобини тўлдириши ҳам мумкин. Бу тизим банкоматлар етишмайдиган ҳудудларда асосий ечим сифатида жорий қилинган.
«Тўлов ташкилотларига “қумдон” доирасида агентлари орқали cash-in ва cash-out, яъни пул киритиш ва ечиш имкониятини яратиб берганмиз», — деди Нодирбек Сайдуллаев.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 17 минг 990 та шундай агент фаолият юритмоқда. Кунлик операциялар ҳажми ҳам юқори бўлиб, ўртача 800 млрд сўм кирим ва 770–780 млрд сўм атрофида чиқим амалга оширилмоқда.
«Бугунги кунда 17 минг 990 та шундай агентлар бор ва деярли бирорта қишлоқ қолмаган, у ерда тўлов ташкилоти агенти бўлмаса», — дейди Марказий банк раиси биринчи ўринбосари.
Шу билан бирга, мутахассислар қишлоқ жойларда аҳоли кўпинча маҳсулотларни қарзга олиши ва кейин ойлик тушганидан сўнг карта орқали тўлаш амалиёти сақланиб қолаётганини ҳам қайд этмоқда.
Марказий банкка кўра, нақд пул етишмаслиги масаласи босқичма-босқич айнан шу агентлик тармоғи орқали ҳал этилмоқда ва бу тизимни янада кенгайтириш режалаштирилган.





