Қўқонлик табиб Озарбойжонда қўлга олинди
Бокунинг марказий клиникаларидан бирида юз берган тартибсизликлар туфайли ўзбекистонлик Иқбол табиб ҳибсга олинди.

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида «Қўқонлик табиб» сифатида танилган Иқбол Солиев маҳаллий полиция томонидан қўлга олинди. Ушбу маълумотни Озарбойжон ҳуқуқ тартибот органлари расман тасдиқлади.
Иқбол Солиев Бокудаги «Bİ-ES VİP» эстетик клиникасида беморларни ўз услуби — «қўл энергияси» ёрдамида даволаган. Хабарларга кўра, табиб ҳар бир кишидан қабул учун 60 манат (тахминан 430 минг сўм) миқдорида маблағ олган. Клиника биноси олдида юзлаб инсонлар тўпланиб, катта навбатлар ва тартибсизликлар юзага келган.
Клиника тақдим этган маълумотларга кўра, Иқбол Солиев ушбу тиббиёт муассасасининг ходими эмас. У икки кунлик қабулхонада ўтирган ва кейин клиникани тарк этган. Табиб ўзини «Бионур» маркази асосчиси ва биоэнергия терапевти сифатида таништирган.
Эслатиб ўтамиз, Иқбол Солиев Ўзбекистондаги фаолияти тегишли рухсатномаларга эга эмаслиги аниқланган ва халқ табобати соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб чиққан эди. Ҳозирда Озарбойжон полицияси воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.





