Logo

Қозоғистон Ўзбекистон билан давлат чегараси тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Ҳужжат икки давлат ўртасидаги чегаравий муносабатларнинг ягона ҳуқуқий асосини мустаҳкамлайди.

Қозоғистон Ўзбекистон билан давлат чегараси тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Қозоғистон Республикаси Сенати «Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги қозоқ-ўзбек давлат чегараси режими тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда «Kazinform» агентлиги хабар қилди.

Мазкур битим 2001 йил 16 ноябрда имзоланган Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Шунингдек, ҳужжат 2022 йил 22 декабрда давлат чегарасини демаркация қилиш жараёни якунланиб, тегишли шартнома имзоланганидан кейин тайёрланган.

Ҳамкорлик мустаҳкамланади

Қозоғистон Сенатининг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, битим 2024 йил 8 август куни Остона шаҳрида имзоланган.

Ҳужжат икки мамлакат ўртасида давлат чегарасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона халқаро-ҳуқуқий асосни шакллантиради.

Ҳужжат давлат чегараси ва чегара белгиларини сақлаш, чегара орқали фуқаролар, транспорт воситалари, юклар ва бошқа мол-мулкни ўтказиш, парвозларни амалга ошириш, чегара ҳудудида хўжалик ва бошқа ишларни олиб бориш тартибини, шунингдек, чегарадаги кўнгилсизликларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этиш механизмларини белгилаб беради.

Teglar

Mavzuga oid