Logo

Қурилиш соҳасида шикоятлар сони кескин ошди

Рақобат қўмитасига келиб тушган энг кўп мурожаатлар қурилиш муддатларининг кечиктирилиши ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг поймол этилиши билан боғлиқ бўлди.

Қурилиш соҳасида шикоятлар сони кескин ошди © vaqt.uz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида мазкур йўналиш бўйича қарийб мингта мурожаат келиб тушган.

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида қурилиш соҳаси бўйича жами 1706 та мурожаат қабул қилинган бўлса, жорий йилнинг дастлабки уч ойидаёқ бу кўрсаткич мингтага яқинлашган. Бу эса соҳадаги муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Фуқаролар нимадан шикоят қилишмоқда?

Фуқаролар асосан қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши, объектларни топшириш муддатларининг кечиктирилиши, техник талабларга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланилиши ҳамда лойиҳалар тақдимотида берилган ваъдаларнинг бажарилмаслиги юзасидан шикоят қилган.

Қўмита айниқса қурилиш объектларини ўз вақтида топшириш билан боғлиқ муаммолар ва қурилиш учун зарур рухсатномалар расмийлаштирилмасдан туриб аҳолидан маблағ йиғиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлади.

Идора фуқароларга уй-жой сотиб олишда шартномаларни синчиклаб ўрганишни тавсия қилди. Хусусан, улушли қурилиш ёки янги қурилган уй-жой харид қилишда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, объектни топшириш муддатлари ҳамда ушбу муддатлар бузилганда қўлланиладиган жавобгарлик чораларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Уй сотиб олувчи фуқароларга эслатма

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4732 сонли Қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйларни улуш асосида қуриш учун аҳоли ёки ташкилотларнинг пул маблағларини жалб қилиш ҳуқуқи фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган, махсус электрон рўйхатга киритилган қурувчи компанияларга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-246-сонли Фармонига мувофиқ, харидор ва сотувчи ўртасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тўловлар эскроу ҳисобварағи орқали, шу жумладан банк кассалари ёки нақдсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилиши белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid