Рақобат қўмитаси монопол корхоналарни асоссиз нарх оширмасликка чақирди
2026 йил 1 июндан ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари оширилгани ортидан Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монополия субъектларини маҳсулот ва хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асоссиз равишда оширмасликка чақирди.

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан устун мавқега эга корхоналар фаолияти ҳамда улар қўллаётган нархлар доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Қайд этилишича, 1 июндан ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг 10 фоизга оширилиши айрим маҳсулот ва хизматлар таннархига маълум даражада таъсир кўрсатиши табиий ҳисобланади. Бироқ бу ҳолат монопол ва табиий монопол маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархларини иқтисодий жиҳатдан асосланмаган тарзда ошириш учун сабаб бўла олмайди.
Қўмита томонидан монопол ва табиий монопол маҳсулотлар таннархида ёқилғи-энергетика ресурсларининг улуши ҳамда улар нархининг ошиши маҳсулот қийматига таъсири олдиндан прогноз қилинган. Шунингдек, аввал маҳсулот ва хизматлар нархларини ҳақиқий харажатларга нисбатан юқори даражада шакллантирган устун мавқега эга корхоналарга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
Амалдаги қонунчилик талаблари
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси монопол ва табиий монопол корхоналарни нархларни белгилашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди. Қўмита ҳар қандай асоссиз нарх ошириш ҳолатларига нисбатан қонуний чоралар кўрилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, монопол маҳсулотлар ва хизматлар нархлари иқтисодий асослантирилмасдан оширилгани аниқланса, қонунчиликда назарда тутилган молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
Рақобат қўмитаси бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича назорат тадбирлари изчил давом эттирилишини маълум қилди.
1 июлдан «Ўзбекистон темир йўллари» вагонларни етказиб бериш ва олиб чиқиш хизматлари тарифларини ошириши ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, манёвр ишлари ва логистик хизматлар учун янги нархлар жорий этилган.





