«Росатом» Ўзбекистонда «атом кластери»ни ташкил этишни таклиф қилди
«Росатом» раҳбари Алексей Лихачёвнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда атом тиббиёти ва радиологияни ривожлантирувчи яхлит «атом кластери» барпо этиш таклиф қилинмоқда.

«Росатом» Ўзбекистон ҳукуматига бўлғуси атом электр станцияси (АЭС) негизида «атом кластери»ни ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда давлат корпорацияси раҳбари Алексей Лихачёв «Россия-24» телеканалига берган интервюсида сўзлаб берди.
«Биз ўзига хос янгиликка қўл уриб, Ўзбекистон раҳбариятига шунчаки станция қошидаги шаҳарчани эмас, балки яхлит «атом кластери»ни яратишни таклиф қилдик», - деди Лихачёв.
Унинг аниқлик киритишича, мазкур лойиҳа нафақат атом энергетикасини, балки қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва материалшунослик манфаатлари йўлидаги атом тиббиёти ҳамда «радиологик компетенциялар»ни ҳам қамраб олади. «Росатом» раҳбари ушбу жараёнга Россиянинг етакчи илмий муассасаси — Курчатов институти жалб этилишини қўшимча қилди.
«Атом кластери»ни яратишда «Курчатов институти» илмий-тадқиқот маркази иштирок этади. Лойиҳа «нафақат атом энергетикасини, балки атом тиббиётини, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш манфаатлари йўлида радиологик ваколатларни ҳам» ўз ичига олади», - деди «Росатом» раҳбари.
Россия ва Ўзбекистон АЭС қуриш бўйича келишув имзолаган эди
2024 йил май ойида Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳудудида кичик қувватли атом электр станцияларини қуришга имкон берувчи битимни имзолаганди.
Ўша йилнинг июн ойида эса Ўзбекистоннинг «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» корпорацияси республикада олти блокдан иборат кичик қувватли АЭС қуриш тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги протоколга муҳр босишди.
Лихачёвнинг сўзларига кўра, 2025 йилнинг октябр ойида биринчи кичик қувватли энергоблок учун котлован қазиш ишлари бошланган. Жорий йилда эса ядро ороли биноларининг пойдевор плитасига илк бетон қуйиш босқичига ўтиш режалаштирилмоқда.
«Бу йилги асосий вазифа - ядровий оролдаги биноларнинг пойдевор плитаси асосига бетон қуйишга ўтиш. Муддатларга риоя қилиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, биз шу йилнинг баҳорида бетон тайёрлаш ишларини бошлашга ҳаракат қилмоқдамиз», - деди Лихачёв.





