Россия бензин экспортини тўхтатди
Россия 1-апрелдан бензин экспортини чеклади, бу қарор ички бозор ва жаҳон нархларига таъсир қилиши мумкин.

Россия ҳукумати 1 апрелдан бошлаб бензин экспортини вақтинча чеклашга қарор қилди. Ушбу чора ички бозорда ёқилғи таъминотини яхшилаш ва нархларни барқарор ушлаб туришга қаратилган.
Маълумотларга кўра, қарор Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак бошчилигида ўтган йиғилишдан сўнг қабул қилинган. Унда Энергетика вазирлигига тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.
Ҳукумат вакиллари Яқин Шарқдаги геосиёсий инқироз жаҳон нефт бозорида кескин ўзгаришларга сабаб бўлаётганини таъкидлади. Бу ҳолат нефт ва нефт маҳсулотлари нархларининг тез-тез тебранишини кучайтирмоқда.
Шу билан бирга, ташқи бозорларда Россия энергия ресурсларига бўлган талаб юқори бўлиб қолмоқда. Бу эса экспортни чеклаш қарорини янада мураккаб иқтисодий фонга олиб чиқмоқда.
Бозордаги ўзгаришлар
Россия оммавий ахборот воситалари хабар беришича, тақиқ муддати аниқ муҳокама қилинмаган. Бироқ «TACC» маълумотларига кўра, чекловлар 31 июлгача амал қилиши мумкин.
Бу қарор бозорнинг барча иштирокчиларига, жумладан ёқилғи ишлаб чиқарувчилар ва трейдерларга ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Нарxлар ўсиши
Сўнгги маълумотларга кўра, март ойи бошидан бери Санкт-Петербург биржасида АИ-92 ва АИ-95 бензин нархи қарийб 11 фоизга ошган.
Экспертлар фикрича, бунга нафақат ташқи омиллар, балки Россиядаги инфратузилмага қилинган ҳужумлар ҳам таъсир қилган. Хусусан, Ленинград вилоятида жойлашган Уст-Луга ва Приморск портларига дрон ҳужумлари таъминот занжирига босим ўтказган.
Ушбу омиллар йиғиндиси Россия ҳукуматини ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида кескин чоралар кўришга ундади.





