Россия бюджетидаги рекорд тақчиллик: Чорак йиллик харажатлар бир йиллик режадан ошиб кетди

Россия федерал бюджетининг тақчиллиги дастлабки уч ойдаёқ бир йиллик режани 20 фоиздан кўпроққа ортда қолдирди. Нефт нархининг тушиши ва харажатларнинг кескин ортиши давлат хазинасини мураккаб аҳволга солиб қўйди.

Россия бюджетидаги рекорд тақчиллик: Чорак йиллик харажатлар бир йиллик режадан ошиб кетди © Фото Сергея Савостьянова / ТАСС

2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Россия федерал бюджетининг дефицити 4,6 трлн рублни ташкил этди. Бу Молия вазирлиги бутун йил учун режалаштирган кўрсаткичдан 20,8 фоизга кўпдир. Бундай салбий натижага нефт ва газ даромадларининг 45 фоизга қисқариб, 1,44 трлн рублга тушиб қолгани асосий сабаб бўлди. Февраль ойида «Urals» маркали нефтнинг нархи бир баррели учун 44,6 долларгача тушди, ваҳоланки бюджет режасида бу кўрсаткич 59 доллар этиб белгиланган эди.

Даромадлар камайган бир пайтда харажатлар 17 фоизга ошиб, 4,576 трлн рублга етди. Бунинг асосий қисми давлат шартномалари бўйича муддатидан олдин аванс тўловлари берилгани билан изоҳланмоқда. Россия бюджетининг энг катта харажат моддаси — миллий мудофаа бўлиб, у умумий бюджетнинг 29 фоизини эгаллайди. Иккинчи ўринда ижтимоий сиёсат туради: пенсияларни индексация қилиш, минимал иш ҳақини 27 093 рублгача ошириш ва ҳарбий амалиёт иштирокчилари оилаларини қўллаб-қувватлаш учун 7 трлн рублдан ортиқ маблағ ажратилган. Шунингдек, давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун ҳам 3,9 трлн рубль сарфланмоқда.

Вазиятни ўнглаш чоралари

Россия расмийлари дефицитнинг катталигига қарамай, вазият назорат остида эканини таъкидламоқда. Ҳозир тақчиллик ЯИМнинг тахминан 2 фоизини ташкил этади.

Мутахассисларнинг фикрича, Миллий фаровонлик жамғармасида 13,7 трлн рубль захира мавжудлиги вазиятни барқарор ушлаб туришга имкон беради. Молия вазирлиги бюджетни тўлдириш учун аллақачон 1,4 трлн рубллик давлат заём облигацияларини жойлаштирди ва бюджет қоидаси бўйича валюта интервенцияларини тўхтатди.

Давлатнинг стратегик мақсади — бюджетни нефт ва газ даромадларига қарамликдан қутқаришдир. 2026 йилнинг биринчи чораги якунига кўра, нонефт-газ даромадларининг улуши 80 фоиздан ошди. Бунга асосан ҚҚС ставкасининг 22 фоизгача оширилиши ва солиқ тизимининг кучайтирилиши ҳисобига эришилди.

Энди солиқ органлари жисмоний шахсларнинг банк ҳисобларидаги ўтказмаларини назорат қилиш имкониятига эга бўлмоқда. Бироқ экспертлар маъмурий босимнинг ҳаддан ташқари кучайиши иқтисодий ўсиш ўрнига стагнацияга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

Teglar

Mavzuga oid