Россияда ФСБ талаби билан интернет нархлари 30 фоизга қимматлашади

Kecha 16:452 daqiqa

Ҳукумат ва хавфсизлик хизматининг янги талаблари сабабли Россияда уй интернети нархлари кескин ошади. Провайдерлар қандай шартларни бажариши керак?

Россияда ФСБ талаби билан интернет нархлари 30 фоизга қимматлашади

Россияда провайдерлар учун қоидаларнинг кучайтирилиши уй интернети нархларининг камида 30 фоизга қимматлашишига олиб келади. Бунга Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан илгари сурилаётган янги талаблар сабаб бўлмоқда.

Вазирлик алоқа хизматларини кўрсатувчи компаниялар учун пуллик лицензиялар (1 млндан 50 млн рублгача) жорий этишни таклиф қилмоқда. Энг асосийси, провайдерлар энди фаолиятини бошлашидан олдиноқ тезкор-қидирув тадбирлари тизимини (СОРМ) ўрнатишга мажбур бўлади.

Айнан шу махсус ускуна ёрдамида ФСБ абонентларнинг қўнғироқлари, интернет-трафиги ва бошқа шахсий маълумотларига тўғридан тўғри кириш имконини қўлга киритади. Олдинлари бу ускунани ўрнатиш тижорат фаолиятини бошлаш учун мажбурий шарт ҳисобланмас эди.

«Агар катта харажатларни талаб қилувчи янги қоидалар жорий этилса, операторлар буни албатта бизнинг — абонентларнинг зиммасига юклайди. Натижада интернет нархлари кутилган 10 фоиз ўрнига 30 фоизгача ўсиши мумкин», — дейди «TelecomDaily» агентлиги бош директори Денис Кусков.

Провайдерлар учун зарба

Янги қоидалар лицензия ва махсус ускуналарни, шунингдек, минимал устав капиталини талаб қилади. Режали текширувлар бўйича мораторий бекор қилинади ва қоидабузарликлар учун судсиз лицензиядан маҳрум қилиш амалиёти киритилади. Агар бу ўзгаришлар тасдиқланса, улар 2026-йил сентябрдан кучга киради.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ўзгаришлар кичик провайдерларга қаттиқ зарба беради. Улар йирик компанияларга қўшилиши ёки бизнесини сотишга мажбур бўлади. Натижада, бозорда рақобат камайиб, тарифлар ўсиши тезлашади.

Фақатгина Москва минтақасида хизмат кўрсатувчи 1500 га яқин кичик провайдерларнинг фаолияти хавф остида қолмоқда.

Нархлар ўсиши давомлидир

Аслида интернет нархларининг ошиши кутилаётган ҳолат эди. 2025-йилда энг арзон тарифлар аллақачон 24 фоизга ошган. Жорий йилда эса ускуналар нархининг кўтарилиши фонида камида 15 фоизлик ўсиш башорат қилинганди.

Бундан ташқари, провайдерлар «Яровая қонуни» доирасида фойдаланувчилар маълумотларини сақлаш учун ҳам катта маблағ сарфламоқда. 2026-йил бошидан бери интернет хизматлари ўртача 100-200 рублга қимматлаган.

Олдинлари мижозларга бепул тақдим этилган кўплаб қўшимча хизматлар пуллик асосга ўтказилди. Бу эса истеъмолчиларнинг молиявий юкини оғирлаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid