Россияда киберфирибгарлар чув тушмаганлардан «ўч» олиш йўлига ўтди

27.02.2026 | 10:152 daqiqa

Экспертларнинг огоҳлантиришича: фириб иш бермаса, жиноятчилар SMS-бомбинг ва провокацион ўтказмалар жўнатишмоқда.

Россияда киберфирибгарлар чув тушмаганлардан «ўч» олиш йўлига ўтди

Россияда телефон фирибгарлари янги тактикага ўтди: алдашга уринган сценарий иш бермаса, улар рад этган фуқаролардан қасд олиш усулларини қўлламоқда. Бу ҳақда «Smart Business Alert» сервиси мутахассисларига асосланиб, «Lenta.ru» хабар бермоқда. Хизмат «ЕСА ПРО» компаниясига тегишли бўлиб, у «Cross technologyes» гуруҳи таркибига киради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳоли одатий «алдов»ларни тезроқ англаб етмоқда: фирибгарлар ўзини курйер, домофон устаси, поликлиника ходими ёки инвестиция лойиҳаси вакили сифатида таништириши кенг тарқалган. Қатъий рад жавобини олган айрим жиноятчилар арзон, аммо безовта қилувчи усулларга ўтаётгани айтилмоқда.

Икки асосий усул

Таҳлилчиларга кўра, энг кўп учрайдиган усул — SMS-бомбинг. Бунда фуқаро рақамига турли сервислардан оммавий хабарлар ва қўнғироқлар ёғилади. Жиноятчилар айрим компаниялар рўйхатдан ўтиш ёки қайта алоқа шаклларидаги ҳимоя заифлигидан фойдаланади. Бу усул одатда катта молиявий хавф туғдирмайди, аммо хабарлар келаётган брендлар нуфузига путур етказади.

Иккинчи тактика анча хавфли: тезкор тўлов тизими орқали майда ўтказмаларни провокацион изоҳлар билан жўнатиш. Масалан, «наркотик учун» ёки «харита сотгани учун» каби ёзувлар қолдирилади. Бу банк мониторинг тизимларида шубҳа уйғотиб, ҳисобларни вақтинча блоклашга сабаб бўлиши мумкин.

Киберҳужумлар сони ўсмоқда

Экспертлар бундай ҳолатлар фуқароларни психологик босимга солиш ва муаммо яратишга қаратилганини таъкидламоқда. Илгарироқ Россияда киберҳужумлар сони учдан бир қисмга ошгани, жиноятчилар «секинлашган сервисни тезлаштириш» ёки «иловани очиб бериш» ваъдаларини бериб, янги фирибгарлик схемаларини таклиф қилаётгани хабар қилинган эди.

Мутахассислар рақамли ҳушёрликни сақлаш, шубҳали қўнғироқ ва ўтказмаларга жавоб бермаслик ҳамда банклар билан тезкор алоқа қилишни тавсия этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid