Logo

Россияликларнинг Путинга ишончи уруш бошланганидан бери энг рекорд даражада пасайди

Bugun 09:002 daqiqa

Аҳолининг 60 фоизи ҳудудларда иқтисодий вазият ёмонлашганини билдирган.

Россияликларнинг Путинга ишончи уруш бошланганидан бери энг рекорд даражада пасайди

Россия президенти Владимир Путинга нисбатан аҳолининг ишонч даражаси бир ҳафта ичида 3,4 фоиз пунктга тушиб, 73,3 фоизни ташкил қилди. Бу уруш бошланганидан буён кузатилган энг тезкор пасайиш ҳисобланади. Бу ҳақда Умумроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) сўровномалари натижаларига таяниб, «Медуза» хабар берди.

ВЦИОМ томонидан 22–28 июн кунлари ўтказилган сўровномаларга кўра, Путиннинг президент сифатидаги фаолиятини маъқулловчилар улуши ҳам 3,5 фоиз пунктга камайиб, 66,9 фоизни ташкил этган.

Президент фаолиятини маъқулламайдиганлар сони эса 19,7 фоиздан 21,3 фоизга ошган. Маълум қилинишича, рейтингнинг бу каби кескин тушиши охирги марта 2024 йилнинг август ойида қайд этилган бўлиб, 2026 йилдаги энг катта ҳафталик пасайиш апрел ойида (1,8 фоиз пункт) кузатилган эди.

Бошқа бир социологик хизмат — ФОМ («Жамоатчилик фикри» фонди) маълумотларига кўра эса, респондентларнинг 70 фоизи Путиннинг ишини ижобий баҳолаган (олдинги ҳафтага нисбатан 1 фоиз пунктга кам). Бироқ ФОМ сўровномасида ишонч даражаси 69 фоиздан 71 фоизга ошгани кўрсатилган.

Россиялик социологлар президент рейтингларининг пасайиш трендини 2026 йил баҳоридан, хусусан, мамлакатдаги ёнилғи инқирози фонида қайд этишни бошлаган.


Иқтисодий вазиятдан пессимизм 20 йиллик максимумга етди. Американинг «Gallup» тадқиқот компанияси 2026 йилнинг март–май ойларида россияликлар ўртасида ўтказган сўровнома натижаларини ҳам эълон қилди. Унга кўра, респондентларнинг 60 фоизи ўз шаҳри ёки минтақасидаги иқтисодий вазият ёмонлашаётганини билдирган.

Қайд этилишича, бу компания томонидан мазкур йўналишда сўровномалар ўтказила бошлаган 2006 йилдан буён қайд этилган энг юқори (максимал) салбий кўрсаткичдир.

Teglar

Mavzuga oid