Самарқанд шаҳрига кириш йўллари 15 кунга ёпилади
UNESCOнинг тарихий анжумани муносабати билан Самарқандда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

30 октябрдан 14 ноябргача Самарқандга кириш йўллари вақтинча ёпилади. Бу чора UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши муносабати билан жорий этилгани ҳақида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Маълумотга кўра, бу кунларда шаҳарга транзит тарзда кираётган транспорт воситалари учун махсус айланма йўналишлар ишлаб чиқилган. Ҳайдовчиларга айланма йўллар харитаси акс этган QR-кодли флаерлар тарқатилади.
Ички ишлар вазирлиги аҳоли ва меҳмонларга мурожаат қилиб, Самарқандга сафаларни имкони бўлса бошқа кунларга кўчиришни сўради. «Бу чоралар халқаро анжуманни хавфсиз ва тартибли ўтказиш учун зарур», — дейилади расмий баёнотда.
43-сессия 1985 йилдан буён илк марта Париждан ташқарида ўтказилаётган UNESCO анжумани ҳисобланади. Самарқанддаги тадбир «Silk Road Samarkand» сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтади.
Ҳукумат ва маҳаллий идоралар шаҳар инфратузилмаси ҳамда хавфсизлик тизимини халқаро миқёсдаги меҳмонлар учун тайёр ҳолатга келтирмоқда.