Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини табриклади
Президент мактабни олтин ва кумуш медал билан тамомлаётган 11 минг нафардан ортиқ ўқувчиларнинг келажакда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни мамлакатдаги мактаб битирувчиларини табриклаб, ёшларни катта мақсадлар қўйиш ва келажак учун муҳим кўникмаларни эгаллашга чақирди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, 2026 йилда илк бор 11 минг нафардан ортиқ ўқувчи мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тугатмоқда. Президент ушбу ёшлар кейинги ҳаётида ҳам тенгдошларига намуна бўлиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Шунингдек, бу йил 171 нафар ёш дунёнинг етакчи университетларига қабул қилингани, яна минглаб битирувчилар мамлакат олий таълим муассасалари талабасига айлангани қайд этилди.
Ёшлар ютуқлари
Президент ўз мурожаатида кейинги йилларда турли соҳаларда катта натижаларга эришган ёшларни мисол сифатида келтирди. У шундай муваффақиятлар янги авлод учун муҳим руҳий таянч ва мотивация бўлишини таъкидлади.
Жумладан, шахмат ва футбол соҳасидаги натижалар, шунингдек миллий ижодкорларнинг халқаро танловлардаги иштироки ҳам алоҳида эътироф этилди.
«Бугунги ҳаётимизда сизлар учун ўрнак бўладиган ютуқларимиз, ёш-ёш қаҳрамонларимиз кўп. Тўрт-беш йил олдин мактабни тугатган Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Абдуқодир Ҳусанов каби машҳур спортчиларимиз шахмат ва футбол оламида бутун дунёни қойил қолдирмоқда. Ёш кино ижодкорларимиз жаҳондаги обрўли кино анжуманларидан бири бўлган Канн фестивалида Гран-при мукофотини олишга сазовор бўлди. Куни кеча футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига катта тантана билан кузатдик. Барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайдиган бундай ютуқлар илгари тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган.
Кўряпсизларми, чин дилдан интилса, ҳаракат қилса, Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк марраларни забт этишга қодир! Мен ишонаман, сизларнинг орангиздан ҳам ана шундай миллат қаҳрамонлари, Янги Ўзбекистон ифтихорлари етишиб чиқади!», дейилади табрикда.
Келажак эшиклари
Давлат раҳбари битирувчиларга камида битта хорижий тил ва замонавий касбни эгаллашга интилиш бўйича чақириқ йўллади. Бу келажак учун янги имкониятлар эшигини очиши таъкидланди.
Шу билан бирга, ёшларга катта мақсадлар қўйишдан қўрқмаслик, ўз кучига ишониш ва ҳамиша олға интилиш зарурлиги айтилди. Президент барча битирувчиларга бахт, омад ва муваффақият тилади.





