Шавкат Мирзиёев: Таваллуд куним муносабати билан табриклаганларга миннатдорлик изҳор этаман
Президент Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан табрик йўллаган хорижий етакчилар, халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон фуқароларига самимий миннатдорлик изҳор этди.
© Foto: president.uzЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан табрик йўллаган хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, жамоат арбоблари ҳамда барча Ўзбекистон фуқароларига миннатдорлик билдирди.
Президент матбуот хизмати эълон қилган мурожаатда давлат раҳбари эзгу тилакларини йўллаган давлат ва ҳукумат бошлиқлари, хорижий сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, мамлакатдаги маҳаллалар ва меҳнат жамоалари, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар, тадбиркорлар ҳамда барча ватандошларга алоҳида ташаккур изҳор этган.
«Менинг шаънимга билдирилган бу табрик ва тилакларни, аввало, кўпмиллатли халқимиз ва давлатимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси, Янги Ўзбекистоннинг дунё миқёсида ортиб бораётган обрў-эътибори ва нуфузининг эътирофи сифатида қабул қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, бағрикенг ва олийжаноб халқимизга яна бир бор чин дилдан ўзимнинг чексиз меҳрим ва ҳурматимни билдираман.
Жонажон Ватанимизда эркин ва фаровон, обод ҳаёт қуришга қаратилган ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, уларда фаол иштирок этаётган кўпмиллатли халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан олдимизга қўйган юксак ва шарафли мақсадларга албатта эришамиз, деб ишонаман», — дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2025-йил 24-июл куни 69 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, парламентлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар раҳбарлари, таниқли жамоат, дин ва спорт арбобларидан табриклар келган эди.
Жумладан, Россия, Хитой, Озарбайжон, Туркия, Италия, Жанубий Корея ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Ўзбекистон президентига табрик йўллаган.





