Шавкат Мирзиёев Туркияга жўнаб кетмоқда
Ўзбекистон президенти 29–30 октябр кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади.
© Foto: president.uzШавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга боради. Давлат раҳбари Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Турк асри: тилда, фикрда ва ишда бирлик» мавзусида ўтадиган саммитда ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади. Хусусан, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалар, шунингдек, туризм, экология ва таълим йўналишларига алоҳида эътибор қаратилади.
Саммитда қандай масалалар муҳокама қилинади?
Хабарга кўра, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашади. Саммит якунлари бўйича Анқара декларацияси ҳамда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор қўшма қарор ва ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилган.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ташкилотнинг 13-саммити доирасида 29 октябрь куни ташқи ишлар вазирлари кенгашининг учрашуви ҳам Анқарада ўтказилади. Унда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан мезбонлик қилади.
Туркий давлатлар ташкилоти қайси мамлакатларни бирлаштиради?
Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсади туркий давлатлар ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Ташкилотнинг бешта аъзо давлати бор: Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон. Венгрия, Туркманистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти кузатувчи мақомига эга.
Ташкилот доирасида давлат раҳбарларининг саммитлари ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш ва кейинги давр учун аниқ вазифаларни белгилаш майдони ҳисобланади. 2026 йил 15 май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ташкилотнинг норасмий саммити бўлиб ўтган эди.
Унда асосий эътибор сунъий интеллект ва рақамли ривожланишга қаратилган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини яратиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва транспорт-логистика алоқаларини яхшилаш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.
Ўзбекистоннинг ташкилот мамлакатлари билан ўзаро савдоси
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масаласи Ўзбекистон учун ҳам ўта аҳамиятлидир. Шавкат Мирзиёев 2026 йил май ойидаги норасмий саммитда билдирган маълумотларга кўра, 2025 йилда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошган. Унинг таъкидлашича, бу мамлакатлардаги иқтисодий ўсиш суръати ўртача 6,8 фоизни ташкил этган.
Президентнинг ўша нутқида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 14 фоизга ўсиб, 11 миллиард долларга етгани ҳам алоҳида қайд этилган.





