Швейцариядаги музокаралар натижа берди: Ҳўрмуз бўғози бўйича янги келишувга эришилди
Швейцарияда АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик музокараларининг биринчи раунди якунланди. Томонлар 60 кун ичида якуний битим тайёрлаш бўйича йўл харитасини тасдиқлади.
© Фото: Shehbaz Sharif / XШвейцарияда АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилган музокараларнинг навбатдаги раунди якунланди. Музокараларда воситачи сифатида иштирок этган Қатар ва Покистон томонларнинг қатор муҳим масалалар бўйича келишувга эришганини маълум қилди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Ҳўрмуз бўғозида эҳтимолий можаролар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида АҚШ ва Эрон ўртасида махсус алоқа канали ташкил этилган.
Мазкур механизм халқаро савдо кемаларининг Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган.
Томонлар, шунингдек, 60 кун ичида якуний келишувга эришиш бўйича расмий йўл харитасини ҳам тасдиқлаган.
Якуний битим учун тайёргарлик
Қўшма баёнотда қайд этилишича, юқори даражадаги назорат қўмитаси музокараларнинг кейинги босқичларини мувофиқлаштириб боради.
Музокарачилар ядровий дастур, санкциялар, низоларни ҳал этиш ва мониторинг масалалари бўйича алоҳида ишчи гуруҳларга раҳбарлик қилади.
Техник музокаралар ҳафта охиригача Швейцариянинг Бюргеншток курортида давом этади.
Шу билан бирга, Ливанда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун АҚШ, Эрон ва Ливан вакилларидан иборат махсус гуруҳ тузилишига келишиб олинган.
Нефт ва активлар мавзуси
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида эришилган бу келишувларни Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш йўлидаги «катта муваффақият» деб атади.
Ўз навбатида, Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоийнинг маълум қилишича, музокараларда нефт экспорти учун рухсат бериш ва мамлакатнинг музлатилган активларини очиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
«Швейцариядаги тўрт томонлама музокаралар давомида яхшигина силжишга эришилди», — деди у.
Бағоий музокараларнинг айрим босқичларида АҚШ томонининг кескин баёнотлари сабабли Теҳрон музокараларни давом эттиришдан вақтинча бош тортганини билдирди.
«Биз учун жуда узун кун бўлди. Тўрт томонлама учрашувлар вақтида АҚШнинг таҳдидли баёнотлари эълон қилинди, шу сабабли Эрон бундай шароитда тўрт томонлама музокараларни давом эттиришга тайёр эмаслигини билдирди», — деди у.
Ҳозирда воситачи давлатлар — Қатар ва Покистон томонидан музокаралар якунлари бўйича асосий келишувлар акс этган расмий ҳужжат эълон қилиниши кутилмоқда.





