Солиқ қўмитаси сунъий интеллектга асосланган AI SOLIQ платформасини ишга туширди
Янги платформа орқали тадбиркорлар бир неча сонияда корхонасининг солиқ ҳолатини таҳлил қилиши, солиқ имтиёзлари, хавф омиллари ва ҳисоботлар бўйича сунъий интеллектдан тавсиялар олиши мумкин.

Солиқ қўмитаси сунъий интеллект технологияларига асосланган AI SOLIQ ягона рақамли платформасини тақдим этди. Платформа тадбиркорлар, бухгалтерлар ва ташкилот раҳбарлари учун мўлжалланган бўлиб, реал вақт режимида солиқ маълумотларини таҳлил қилиш ҳамда зарур тушунтиришларни олиш имконини беради.
AI SOLIQ нималарни таклиф қилади?

Платформа орқали фойдаланувчилар бир неча сония ичида:
● корхонасининг солиқ ҳолатини таҳлил қилиши;
● электрон ҳисобварақ-фактураларнинг юқори хавф тоифасига тушиш сабабларини аниқлаши;
● солиқ рейтинги бўйича изоҳ олиши;
● амалдаги солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот олиши;
● солиқ ҳисоботлари ва бошқа солиқ маъмурчилиги масалалари юзасидан сунъий интеллект тавсияларини олиши мумкин.
Барча хизматлар чат-мулоқот шаклида ишлайди ва фойдаланувчига тезкор ҳамда амалий жавобларни тақдим этади.
Ҳозирча учта хизмат мавжуд
Ҳозирда платформада учта асосий интеллектуал сервис ишламоқда.
«AI Корхона» хизмати корхонанинг солиқ ҳолатини комплекс таҳлил қилади, муаммоли жиҳатларни аниқлайди, уларнинг эҳтимолий сабабларини кўрсатади ҳамда солиқ кўрсаткичларини яхшилаш бўйича амалий тавсиялар беради.
«AI Имтиёзлар» хизмати эса тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлган солиқ имтиёзларини таҳлил қилиб, уларни қўллаш шартлари ва имкониятларини тушунтиради.
Бундан ташқари, сунъий интеллект асосидаги солиқ маслаҳатчиси фойдаланувчиларнинг солиқ ҳисоботлари, қонунчилик ва маъмурчиликка оид саволларига жавоб беради. Қўмита маълумотига кўра, яқин вақт ичида яна иккита AI-сервис ишга туширилади.

Маълумотлар хавфсизлиги қандай таъминланади?
Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, платформага кириш электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали амалга оширилади. Фойдаланувчи фақат ўз ташкилотига оид маълумотларни кўра олади, учинчи шахсларнинг маълумотларига кириш имконияти мавжуд эмас.
Шунингдек, сунъий интеллект тавсиялари ёрдамчи характерга эга бўлиб, якуний юридик қарорлар ваколатли мутахассислар томонидан қабул қилинади.
Ички жараёнларда ҳам AI ишлатилмоқда
Қўмита маълум қилишича, сунъий интеллект технологиялари нафақат солиқ тўловчилар учун, балки идоранинг ички фаолиятида ҳам жорий этилмоқда. AI тизимлари катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, бошқарув қарорларини қабул қилиш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини оширишда қўлланмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида мамлакатда солиқ тушумлари қарийб беш баробар ошиб, 2016 йилдаги 3,9 млрд доллардан 2026 йилда 20 млрд долларга етган. Шу даврда қўмита томонидан 47 та ахборот тизими ва 92 та интерактив хизмат жорий этилган. «Солиқ» мобил иловасидан 18 миллион фойдаланувчи фойдаланмоқда. Электрон ҳужжат айланиши ҳам сезиларли кенгайган бўлиб, тизим орқали йилига 55 миллионта электрон ҳисобварақ-фактура қайта ишланади, ҳар ой ўртача 3,5–4 миллионта электрон ҳисоб-фактура қабул қилинади.





