Logo

«SQB Tower»даги меҳмонхона йилига 40 млрд сўмга ижарага олинди

Bugun 14:252 daqiqa

Саноатқурилишбанкнинг Tashkent City ҳудудидаги биносининг 24–27-қаватларидаги меҳмонхона ва B2-қаватдаги кир ювиш хонаси беш йилга ижарага берилди. Кимошди савдосида йиллик ижара ҳақи 12,1 млрд сўмдан 39,8 млрд сўмга — 3,3 баравар ошган.

«SQB Tower»даги меҳмонхона йилига 40 млрд сўмга ижарага олинди © Ijtimoiy tarmoqlar

Tashkent City ҳудудидаги Саноатқурилишбанк биносининг меҳмонхона қисми учун ўтказилган аукционда «QBIC-Payments» МЧЖ ғолиб бўлди.

«E-auksion» натижаларига кўра, кимошди савдоси 13-август куни якунланган ва 4 соат 41 дақиқа давом этган. Ғолиб компания объект учун йилига 39,8 млрд сўм таклиф қилган.

Бошланғич йиллик ижара ҳақи 12,1 млрд сўм эди. Аукцион давомида нарх 27,8 млрд сўмга ёки 230 фоизга ошиб, дастлабки қийматдан 3,3 баравар юқори шаклланган.

tg_image_1904188210

Фото: E-auksion

SQBга тегишли бинонинг бир қисми сотилаётгани йўқ. Лот маълумотларида банк биносининг 24–27-қаватларидаги меҳмонхона ҳамда B2-қаватдаги кир ювиш хонаси 60 ойга ижарага берилиши кўрсатилган.

Ижара объектининг умумий майдони 7 минг квадрат метрдан ортиқ. Бинонинг жами майдони 81,1 минг квадрат метр экани ҳисобга олинса, лот унинг қарийб 8,6 фоизини қамраб олади.

Аукционда шаклланган 39,8 млрд сўм — бир йиллик ижара ҳақидир. Бу ойига қарийб 3,3 млрд сўм ёки ҳар бир квадрат метр учун 473,5 минг сўмга тенг. Ижара ҳақи ҳар 12 ойда қайта кўриб чиқилади.

tg_image_3396286081

Фото: E-auksion

Ғолиб меҳмонхонага бир йил ичида 10 млрд сўм инвестиция киритиши, коммунал ва жорий таъмирлаш харажатларини қоплаши керак. Бундан ташқари, олти ойлик ижара ҳақи миқдорида фоизсиз депозит олдиндан тўланади. Аукцион нархидан келиб чиқилса, депозит қарийб 19,9 млрд сўмни ташкил этади.

«QBIC-Payments» IT Park резидентлари рўйхатига 2023 йил декабрида киритилган. Унинг эгаси Шохрух Тўлқунов ҳисобланади.

Компания 2022 йилда ташкил топган ва устав капитали 550 млн сўмдан ортиқни ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid