Стартаплар даври: Ўзбекистонда стартапларга сармоя 5 баробар ошди
2025-йил ўзбек стартап экотизимига 329 млн доллар сармоя киритилди. Бироқ, бунинг 176,4 млн доллари ҳали расман тасдиқланмаган Click ва Halyk Bank ўртасидаги битимдир.

2025-йилда Ўзбекистон стартап экотизимига киритилган инвестициялар ҳажми 329 млн долларга етди. Бу 2024-йилга нисбатан 522 фоиз ўсишни англатади, ўша йилда инвестициялар ҳажми атиги 6,3 млн долларни ташкил этган эди.
Маълумотларга кўра, 2025-йилда стартаплар бўйича битимлар сони 38 тадан 140 тагача кўпайди. Шу билан бирга, мамлакатдаги стартаплар сони ҳам 400 тадан 750 тагача етди.

Инвестицияларнинг асосий қисми эрта босқичдаги стартапларга йўналтирилди. Жумладан, сармояларнинг 61 фоизи seed босқичига, 31 фоизи эса pre-seed босқичига тўғри келди. Бу ҳолат инвесторлар янги ғоя ва технологияларга асосланган лойиҳаларни эрта босқичдаёқ қўллаб-қувватлашга қизиқиш билдирганини англатади.
Стартаплар асосан қуйидаги йўналишларни қамраб олди:
— Сунъий интеллект (AI) — 24,4 фоиз;
— Электрон тижорат (E-commerce) — 12,5 фоиз;
— Хизмат сифатида дастурий таъминот (SaaS) — 11,7 фоиз;
— ERP ва CRM тизимлари (ERP & CRM) — 10.1 фоиз;
— Таълим технологиялари (EdTech) — 9,4 фоиз;
— Молиявий технологиялар (FinTech) — 7 фоиз;
— Ижтимоий технологиялар (SocialTech) — 4,7 фоиз;
— Логистика (Logistics) — 3,9 фоиз;
— Реклама технологиялари (AdTech) — 3,1 фоиз;
— Соғлиқни сақлаш технологиялари (HealthTech) — 3.1 фоиз;
— Савдо нуқтаси тизимлари (POS) — 2,3 фоиз.
Шу билан бирга, умумий инвестицияларнинг катта қисми хорижий сармоя ҳисобига тўғри келди. 329 млн долларлик инвестициянинг 293 млн доллари хорижий капиталдан шаклланди.

Бироқ, бунда Қозоғистондаги Halyk Bank ва Click ўртасидаги шартнома расман тасдиқланмагани учун тўлиқ қайд этилмаган. 176,4 млн долларлик битим 2025-йилнинг май ойида эълон қилинганди.
2020–2025-йиллар давомида мамлакат стартап экотизимининг жамланма баҳоси 3,9 млрд долларга етди. Бу даврда венчур инфратузилмаси ҳам шакллана бошлади.
2025-йилда стартаплар бўйича жами 141 та битимдан 125 таси маҳаллий, 16 таси хорижий битимлар бўлди.

Бозордаги энг фаол инвесторлардан сифатида эса IT Park Ventures ва AloqaVentures қайд этилди. Улар эрта босқичдаги стартапларни қўллаб-қувватлаб, кейинги инвестиция раундларида ҳам иштирок этди ва бозордаги капитал жалб этилишига салмоқли ҳисса қўшди.
Шунингдек, IT Park Ventures ва UzVC янги фондлар ташкил этиш ҳамда қўшма инвестиция механизмларини ривожлантириш орқали венчур бозорининг институционал асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Стартапларни қўллаб-қувватлаш комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.
Қарорга кўра, 2030-йилгача 2 млрд доллар венчур инвестиция жалб қилиш ва амалга оширилаётган стартаплар сонини 5 мингтага етказиш режалаштирилмоқда.
Teglar






