Сунъий интеллект яқин 5 йилда қайси касбларни сиқиб чиқаради?
Соҳа экспертининг фикрича, сунъий интеллект энг аввало кундалик юмушлар ва паст малакали вазифаларни ўз зиммасига олади.

Сунъий интеллект ривожи туфайли яқин беш йил ичида паст малакали ва кундалик такрорланувчи касблар қисқариши мумкин. Бу ҳақда «Газета.Ru»га сунъий интеллект соҳаси эксперти, «Школа нейросетей и SMM» асосчиси Ксения Баранова маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, компаниялар иш жараёнларини қайта тузиб, кундалик такрорланувчи операцияларни СИ зиммасига юклайди, инсонлар эса қарор қабул қилиш, масъулият ва мулоқот талаб қилинадиган соҳаларда қолади.
Экспертнинг фикрича, СИ одамларни батамом ишсиз қолдирмайди, аммо бошланғич лавозимларга қабул камаяди ва жамоалар ичида вазифалар қайта тақсимланади. СИ типик операцияларни тезлаштиргани сабаб айрим ходимларга қўйиладиган талаблар ошади.
Қайси соҳалар хавф остида?
Баранованинг айтишича, хизмат кўрсатиш операторлари хавф гуруҳига киради. Буюртма ҳолати, тариф шартлари, қайтариш ёки қабулга ёзилиш каби жараёнлар формаллаштирилади ва автоматлаштирилади. Шу боис колл-центр операторларига эҳтиёж аллақачон камая бошлаган, келажакда эса фақат мураккаб ва можароли ҳолатлар инсон иштироки билан ҳал этилади.
Шунингдек, «контент-такрорлиши» билан боғлиқ касблар — оддий копирайтинг, шаблон SEO матнлар, товар карточкалари тавсифи, лендинг ва эълонлар ёзиш — ҳам автоматлашувга ўтади. СИ бундай матнларни тез ва арзон яратиш имконига эга.
Инсон роли сақланадими?
Экспертга кўра, бу контент даврининг якунланиши эмас. Арзон ва оммавий матнлар автоматлаштирилади, аммо оригинал ғоялар, маъно боғланишлари ва фактчекинг учун инсон керак бўлади.
Офис ходимлари — маълумот киритиш, ҳисобот тайёрлаш, ҳужжат айланмаси билан шуғулланувчилар ҳам хавф остида. Баранова таъкидлашича, бошланғич даражадаги IT мутахассисларининг айрим вазифаларини СИ аллақачон бажара бошлаган.
Шу билан бирга, СИ жорий этилишининг асосий хавфи «галлюцинация» деб аталувчи нотўғри хулосалар чиқариш ҳолатларидир. Стратегик қарорлар, фактларни текшириш ва жавобгарлик юқори бўлган лавозимларда СИ яқин йилларда инсон ўрнини боса олмайди.




