Тарихий дебютга оз қолмоқда: Ўзбекистон таркиби 4 баравар қиммат рақибга қарши
Саккизинчи уринишда Жаҳон чемпионатига чиққан «оқ бўрилар» турнирни Колумбия билан ўйин орқали бошлайди.

Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошламоқда. 35 йиллик орзу рўёбини 18 июн тонгида кўрамиз. Саккизинчи уринишда мундиал йўлланмасини қўлга киритган «оқ бўрилар» турнирни Колумбияга қарши ўйин билан бошлайди.
Таркиб
Ўзбекистон миллий жамоаси ўзидан 4 баравар қиммат таркибга эга рақибга қарши ўйнайди. Аммо бу турнирда рақибидан нисбатан кучли саналган жамоалар қийинчиликка дуч келмоқда. Ҳар қанақасига ўйин 0:0дан бошланади.
Аввалроқ миллий жамоа таркибидаги йўқотишларга тўхталгандик. Эътиборлиси, ўйиндан 1,5 кун аввал ҳам қайдномага ўзгариш киритилди. Жароҳатидан тиклана олмаган етакчилардан бири Жалолиддин Машарипов таркибдан чиқарилиб, унинг ўрнини Русланбек Жиянов эгаллади.
Яхши янгиликлар ҳам бор, албатта. Стартдаги ўйиндан аввал ўнг қанот ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижонов умумий гуруҳ машғуотларига қайтди, аммо футболчи бирдан асосий таркибда майдонга туширилмаса керак. Жароҳатдан тикланган яримҳимоячилар Одил Ҳамробеков ва Азиз Ғаниев ҳам катта эҳтимол билан биринчи турни захирадан бошлашади. Умуман олганда, Колумбияга қарши бошланғич таркиб қандай бўлиши қизиқ. Буни ўйиндан 1 соат аввал билиб оламиз.
Рақиб ҳақида
Колумбия ФИФА рейтингида 13-ўринни эгаллаб турибди (Таққослаш учун, Ўзбекистон 50-поғонада). Жамоани аргентиналик Нестор Лоренсо бошқармоқда.
«Қаҳвачилар» 7- бор Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Жамоа мундиалларда 1962 йили дебют қилган, энг яхши натижаси эса 2014 йили Бразилия яшил майдонларида ўтган турнирга тўғри келади ва ўшанда чоракфиналгача етиб борган.
ЖЧдаги натижалари:
1962 — гуруҳ босқичи
1990 — 1/8 финал
1994 — гуруҳ босқичи
1998 — гуруҳ босқичи
2014 — 1/4 финал
2018 — 1/8 финал
Шунингдек, Колумбия бир бор Америка кубогида зафар қучган, яъни 2001 йили ўз қитъасида тенгсиз бўлган. Икки бор кумуш, беш марта эса бронза медалларини қўлга киритган. Таққослаш учун, Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги энг яхши натижаси — 4-ўрин, 2011 йили.
Колумбия 2024 йили ўтказилган сўнгги Америка кубогида финалгача етиб бориб, амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинага (0:1) имкониятни бой берган.
Рақиб сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи Давид Оспина (129) саналади. 37 ёшли дарвозабон бу сафар ҳам таркибда бор. Энг яхши тўпурар Радамел Фалкао (36) эса миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган.
Ўйин вақти ва эфир ҳақида
Ўзбекистон — Колумбия ўйини Тошкент вақти билан 18 июн куни соат 07:00 да старт олади. Беллашув ZoʼrTV телеканали орқали эфирга узатилади.
Эътиборлиси, ўйинни томоша қилиш учун давлат ташкилоти ходимларига ҳам енгиллик берилди. Ўйин вақтини инобатга олган ҳолда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистонда иш вақти 10:00 дан бошланадиган бўлди.
Бу ҳақда президет матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди: «Президентимиз эртанги матчни уйда — оила даврасида, набиралари билан томоша қиладилар. 18 июн куни барча давлат ташкилотларида иш вақтини соат 10 да бошланишини белгилаб бердилар».
Ҳаяжонли дебютга, бир неча авлод кутган, кимлар етган-у кимлар етмаган ўйинга саноқли соатлар қолмоқда. Натижа ўз йўлига, йигитлардан майдонда иштиёқ ва «жанг» кутиб қоламиз. Шу мундиал орқали Европада — топ лигаларда ўйнайдиган футболчиларимиз сони бир неча бараварга ошсин. Олға, Ўзбекистон!!!





