Logo

Тошкент ва вилоятларда уй-жойнинг расмий нархлари қанча?

Тошкентда 1 квадрат метр квартира 25,3 млн сўмгача, 1 сотих ҳовли эса 1,7 млрд сўмга баҳоланмоқда. 1 сентябр ҳолатига кўра, 35 та шаҳар ва туманда квартира, ҳовли ва нотурар объектларнинг ўртача бозор нархлари маълум қилинди.

Тошкент ва вилоятларда уй-жойнинг расмий нархлари қанча?

Ўзбекистонда 12 та йирик агломерация бўйича кўчмас мулкнинг ўртача бозор нархлари эълон қилинди. Бу ҳақда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотлар Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази томонидан электрон савдо платформаларидаги кўчмас мулк объектлари нархлари мониторинги асосида шакллантирилган.
Таҳлил 35 та шаҳар ва туманни қамраб олган. Унда кўп квартирали уйлардаги хонадонлар нархи 1 квадрат метр, якка тартибдаги уйлар 1 сотих, нотурар объектлар эса 1 квадрат метр ҳисобида кўрсатилган.

Тошкентда хонадонлар энг қиммат
Ўрганилган ҳудудлар орасида кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг энг юқори ўртача нархи Шайхонтоҳур туманида қайд этилган — 1 квадрат метр учун 25,3 млн сўм.

Энг паст кўрсаткич эса Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида — 4,5 млн сўм/м²

Тошкент туманларидаги хонадонларнинг ўртача нархлари қуйидагича:

Шайхонтоҳур — 25,3 млн сўм/м²;
Миробод — 23,2 млн сўм/м²;
Яккасарой — 20,5 млн сўм/м²;
Юнусобод — 17,0 млн сўм/м²;
Чилонзор — 16,7 млн сўм/м²;
Мирзо Улуғбек — 19,6 млн сўм/м²;
Олмазор — 14,2 млн сўм/м²;
Яшнобод — 14,2 млн сўм/м²;
Учтепа — 13,7 млн сўм/м²;
Бектемир — 11,5 млн сўм/м²;
Сергели — 11,5 млн сўм/м²;
Янгиҳаёт — 11,0 млн сўм/м².

Самарқандда квартиралар 11,8 млн сўмдан
Тошкентдан ташқари ҳудудлар орасида Самарқанд шаҳрида кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг ўртача нархи юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган — 11,8 млн сўм/м².

Бошқа шаҳарларда бу кўрсаткич қуйидагича:

Чирчиқ — 9,0 млн сўм/м²;
Бухоро — 8,4 млн сўм/м²;
Шаҳрисабз — 7,6 млн сўм/м²;
Термиз — 7,6 млн сўм/м²;
Навоий — 7,5 млн сўм/м²;
Қўқон — 7,0 млн сўм/м²;
Урганч — 6,9 млн сўм/м²;
Нуқус — 5,6 млн сўм/м²;
Марғилон — 5,6 млн сўм/м²;
Қувасой — 4,5 млн сўм/м²;
Хива — 4,8 млн сўм/м²;
Қосон — 4,8 млн сўм/м².

Ҳовли уйлар бўйича ҳам Тошкентда катта тафовут бор

Якка тартибдаги уйларнинг 1 сотихига ҳисобланган энг юқори ўртача нарх Мирзо Улуғбек туманида — 1 млрд 719,9 млн сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, бу кўрсаткич:

Яккасаройда — 1 млрд 643,6 млн сўм;
Юнусободда — 1 млрд 444 млн сўм;
Мирободда — 1 млрд 81,4 млн сўм;
Шайхонтоҳурда — 950,6 млн сўм;
Чилонзорда — 830,4 млн сўм.

Тошкентдан ташқарида эса 1 сотих ерга тўғри келадиган ўртача нархлар анча паст. Масалан, Самарқандда 472,1 млн сўм, Бухорода 388,6 млн сўм, Навоийда 244,9 млн сўм ва Термизда 273,7 млн сўм этиб кўрсатилган.

Нотурар объектлар ҳам Мирзо Улуғбекда қиммат
Нотурар объектларнинг 1 квадрат метри учун энг юқори ўртача нарх ҳам Мирзо Улуғбек туманида — 24,4 млн сўм.

Тошкентнинг бошқа туманларида бу кўрсаткич:
Миробод — 23,0 млн сўм/м²;
Яккасарой — 21,9 млн сўм/м²;
Юнусобод — 19,8 млн сўм/м²;
Шайхонтоҳур — 18,6 млн сўм/м².

Энг паст кўрсаткичлардан бири Янги йўлда — 3,7 млн сўм/м², Қувасойда эса 4,0 млн сўм/м² бўлган.

Нархлар қандай аниқланган?

Қўмита маълумотига кўра, ушбу ишлар Президентнинг 2026 йил 24 февралдаги ПҚ-73-сон қарори асосида амалга оширилган. Ҳужжатда йирик агломерацияларда кўчмас мулк бозорини таҳлил қилиш, объектларнинг бозор қийматини мунтазам аниқлаш ва эълон қилиб бориш белгиланган.

Жорий йил 1 сентябр ҳолатига кўра, 14 та йирик агломерацияни қамраб олиш белгиланган бўлса-да, 12 та агломерация бўйича мониторинг ишлари якунланган.

Бунда келтирилган кўрсаткичлар давлат томонидан белгиланган қатъий сотув нархлари эмас. Улар электрон савдо платформаларидаги таклифлар асосида аниқланган ўртача бозор нархлари ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid