Тошкент вилоятида наркотик модда ташиётганлар ушланди

Bugun 11:371 daqiqa

Тошкент вилоятининг Бўка туманида 5 килодан ортиқ опий моддасини олиб кетaётган икки нафар йигит қўлга олинди.

Тошкент вилоятида наркотик модда ташиётганлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати маълум қилишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 2001 ва 2002 йилларда туғилган икки нафар фуқаро аввалдан тезкор кузатувга олинган. Улар Тошкент вилояти ҳудудида наркотик моддани ташиш вақтида ушланган.

Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган. Текширув жараёнида гумонланувчилардан жами 5 килограмм 160 грамм опий моддаси аниқланган ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ДХХ фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақирди. Идора бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкинлигини билдирди. Шунингдек, мурожаат қилувчиларнинг шахси тўлиқ сир сақланиши кафолатланиши таъкидланди.

Аввалроқ Фарғона вилоятида ҳам қўшни мамлакатдан келган юк автомашинасининг ғилдирак қисмига яширилган қарийб 5 килограмм наркотик восита аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган.

Teglar

Mavzuga oid