Тошкентда 2 та машина ўрнига 16 таси сиғадиган «лифтли» автотураргоҳ ишга тушди
Президент Шавкат Мирзиёев Қичқириқ маҳалласидаги ушбу автотураргоҳни кўздан кечирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Маҳаллада 23 та кўп қаватли уй бўлиб, 1 минг 416 та хонадонда 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
«Обод маҳалла» давлат дастури доирасида ҳудудни янгилаш ишларига маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм йўналтирилган. Натижада маҳалла янги қиёфага эга бўлиб, замонавий яшил шаҳарсозлик муҳити шакллантирилган.
Энг катта лойиҳалардан бири Қичқириқ канали бўйлаб барпо этилган 2,4 километрлик сайилгоҳ бўлди. Бу ерда 12,4 километр пиёдалар йўлаги, 14 та шийпон, фавворалар ва бошқа дам олиш масканлари ташкил этилган. Ҳудудда 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда.
«Лифтли» автотураргоҳ ҳақида
Қичқириқда ёшлар учун 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони қурилди, кутубхоналар ташкил этилди. Тадбиркорлик соҳасида 47 та субъект фаолият юритмоқда, янги лойиҳалар ҳисобига 61 та иш ўрни яратилган.
Аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам янги ёндашув қўлланилмоқда. Гулнора Ғойипова кулолчилик тўгараги ва тўқувчилик цехини йўлга қўйиб, ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизларни «Уста-шогирд» анъанаси асосида касбга жалб қилмоқда.
Маҳаллада Ўзбекистонда илк бор синов тариқасида «лифтли» автотураргоҳ ҳам ўрнатилди. 8 қаватли иншоот икки автомобиль сиғадиган майдонда 16 та машинани жойлаштириш имконини беради. Тизим деярли автоматик ишлайди: камера рақамни аниқлайди, марказий лифт эса машинани бўш жойга олиб боради.
«Лифтли» автотураргоҳни ўрнатиш тахминан 120–125 минг долларга тушган. Ундан фойдаланиш нархи ойига 1–1,2 миллион сўм, соатбай тариф эса 12 минг сўмгача бўлиши мумкин. Президент мутасаддиларга аҳоли бандлигини ошириш ва инфратузилма лойиҳаларини сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.





