Тошкентда чиқинди қутилари кескин кўпайтирилади
Пойтахтда аҳоли ва сайёҳлар учун қулай муҳит яратиш мақсадида чиқинди қутилари, замонавий ҳожатхоналар ва яшил ҳудудлар кўпайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4-июл куни Тошкент шаҳри, хусусан Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда пойтахтнинг туристик салоҳияти, шаҳар муҳитини яхшилаш ва аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш масалалари муҳокама қилинди. Йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюргани қайд этилди.
Уларнинг аксарияти тарихий обидалар, истироҳат боғлари, бозорлар, кафе-ресторанлар ва туристик маҳаллалар бўйлаб пиёда сайр қилишни истайди. Шу боис шаҳарда қулай йўналишлар, ахборот тизимлари ва тозалик инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шаҳар қулайлиги оширилади
Президент Тошкент азалдан тоза, озода ва «яшил» шаҳар сифатида эътироф этиб келинганини таъкидлади. Шу билан бирга, бугунги кунда кўчалар, хиёбонлар ва боғлардаги тозалик даражаси аҳоли ҳамда туристлар талабига қанчалик жавоб бериши таҳлил қилинди.
Бу масала оддий инфратузилма эмас, балки шаҳар маданияти ва қадрияти экани қайд этилди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар ва жамоатчилик вакилларига аҳоли ўртасида ободончилик маданиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, пойтахтда чиқинди қутилари сонини кескин кўпайтириш бўйича чоралар кўрилади. Аҳоли гавжум жойларда тозаликни таъминлаш ва шаҳар муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳожатхоналар ва хариталар
Йиғилишда сайёҳлар ва сайрга чиққан аҳоли учун жамоат ҳожатхоналари етишмаслиги ҳам қайд этилди. Бир ой муддатда алоҳида дастур ишлаб чиқиб, шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15−20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш топширилди.
Бундан ташқари, автобус бекатлари, вокзал, аэропорт ва метро станцияларида шаҳар маршрутларини кўрсатувчи рақамли хариталар жорий этилади. Улар телефонга бепул ва қулай юклаб олинадиган шаклда бўлади.
Пойтахтда таълим инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам янги ёндашув таклиф қилинди. Мактабларда ўринлар сонини ошириш учун янги типдаги бинолар қуриш режалаштирилмоқда.
Янги яшил ҳудудлар
Тошкентда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланади. Уларнинг 3 таси Сергели туманида — Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида 22 гектар майдонда ташкил қилинади.
Шунингдек, «Жўн» каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисми бетонлаштирилмоқда. Йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлаги ташкил этиш режалаштирилган.
Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтган 16 километр қисмида ҳам ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, қўшимча 300 гектарда «яшил белбоғ», пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади.
