Logo

Тошкентда пешлавҳалар можароси давом этмоқда: энди нишонда Dodo Pizza

Bugun 09:443 daqiqa

Реклама ва пешлавҳалар ҳақидаги қонуний талаблар босқичма-босқич жорий қилиниши ҳақидаги баёнотларга қарамай, Сергелидаги Dodo Pizza филиали пешлавҳаси ҳужжатларсиз бузилгани, бино эса электр ва интернетсиз қолдирилгани айтилмоқда. Компания вакили ИИБ дан ҳам норози, видео ёзувлар ўчириб ташланган.

Тошкентда пешлавҳалар можароси давом этмоқда: энди нишонда Dodo Pizza

Тошкентда пешлавҳаларни тартибга келтириш кампанияси билан боғлиқ баҳс ва эътирозлар давом этмоқда. Навбатдаги можаро халқаро Dodo Pizza тармоғининг пойтахтдаги филиалларидан бири атрофида юзага келди.

Ўзбекистондаги «Dodo Pizza» тармоғининг франчайзи-ҳамкори Динара Исламова Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовга мурожаат қилиб, Тошкентдаги филиаллардан бирида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув бўлганини маълум қилди. Мурожаат нусхаси VAQT.UZ ихтиёрида мавжуд.

Унда айтилишича, 8 июнь куни Сергели туманидаги Янги Сергели кўчасида жойлашган филиалга ўзини туман ҳокимлиги вакили сифатида таништирган шахслар келиб, корхона пешлавҳасини олиб ташлашни талаб қилган. Бироқ тадбиркорлик субъекти ходимларига ҳеч қандай расмий асос ёки ваколатни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган.

Корхона ходимлари хизмат гувоҳномалари ва ваколатларни тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатишни сўраганида, бундай талаблар рад этилган. Шундан кейин ишчилар жалб қилиниб, пешлавҳа мажбурий равишда демонтаж қилинган. Исламованинг таъкидлашича, бунинг оқибатида корхона мулкига сезиларли зарар етказилган.

Мурожаатда қайд этилишича, воқеа фақат пешлавҳанинг бузилиши билан тугамаган. Бинонинг эгасига ҳам қўшимча талаблар қўйилган. Хусусан, унга бино атрофига плитка ётқизиш, суғориш тизими ташкил этиш ва бошқа ободонлаштириш ишларини ўз маблағи ҳисобидан бажариш топширилгани айтилмоқда.

Динара Исламованинг таъкидлашича, кейинчалик бино электр энергияси ва интернет тармоғидан узилди. Натижада нафақат Dodo Pizza филиали, балки бинода фаолият юритаётган таълим муассасасининг ҳам фаолияти тўхтаб қолган.

У, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳам эътироз билдирган. Корхона бошқарувчиси содир бўлаётган воқеаларни видеога олаётган пайтда, ИИБ ходимлари ундан мобил телефонни топширишни талаб қилгани ва тасвирга олинган видеоёзувларни ўчириб ташлагани айтилади. Ходимнинг сўзларига кўра, бунга рози бўлмаган тақдирда уни бўлимга олиб кетиш билан таҳдид қилинган.

Қарорлар бир томон, амалиёт бошқа томон

Мазкур ҳолат президент Шавкат Мирзиёев пешлавҳалар масаласидаги талабларни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни маъқуллаганидан бир ой ўтиб юз бермоқда.

Давлат раҳбарига тақдим этилган таклифларга кўра, корхона номи ва фаолият турини кўрсатувчи ахборот белгиларини реклама сифатида баҳоламаслик, улар учун алоҳида паспорт ва рухсатномалар талаб қилмаслик назарда тутилган. Сабаби амалдаги тартиб тадбиркорлар учун ортиқча харажат ва бюрократик тўсиқларни юзага келтирган.

Бироқ амалиётда пешлавҳаларни олиб ташлаш давом этмоқда. Ўтган ҳафта Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов VAQT.UZ билан суҳбатда пешлавҳалар барибир ўзгартирилишини билдирган эди. Унинг айтишича, бу архитектура нормалари ва шаҳардаги «визуал шовқин»ни камайтириш талаблари билан боғлиқ ва тадбиркорларга қонунбузарлик ҳолатини бартараф қилиш учун вақт чўзиб берилади.

Ҳоким суҳбат давомида пешлавҳаларни олиб ташлаш учун суд қарори талаб қилинмаслигини ҳам қайд этган. Бу эса тадбиркорлар томонидан илгари сурилаётган асосий эътирозлардан бири бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Wendy’с fast-food тармоғи филиалларида ҳам пешлавҳалар бузилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

VAQT.UZ ҳолат юзасидан муносабат беришни сўраб, Бизнес-омбудсман матбуот котиби Гулжамол Шукурова билан боғланди. У суҳбатда, шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан тез орада Бизнес-омбудсман муносабати эълон қилинишини маълум қилди.

Аввалроқ Бизнес-омбудсман пешлавҳалар ва транспорт воситалари учун реклама жойининг паспортини олмаган юридик шахслар «Реклама тўғрисида»ги қонунга асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (20,6 млн сўм) жарима қўлланилгани ҳақида хабар берганди. Хусусан, 2025 йилда 384 нафар шахсга жами 8,2 млрд сўм жарима қўлланилган.

 

 

 

 

Teglar

Mavzuga oid

Тошкентда пешлавҳалар можароси давом этмоқда: энди нишонда Dodo Pizza | Vaqt.uz