Logo

Тошкентда вазирлик биноси сотилди

Bugun 19:022 daqiqa

Уни Қашқадарёда рўйхатдан ўтган, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи корхона харид қилди. Аукционнинг якуний нархи бошланғич нархдан 80 фоизга катта бўлди.

Тошкентда вазирлик биноси сотилди © Foto: E-auksion

Жорий йилнинг 4-ноябр куни бўлиб ўтган онлайн савдоларда пойтахтда қад ростлаган Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг маъмурий биноси 287,14 миллиард сўмга сотилди.

Бу бино Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган бўлиб, уни «Shakhrisabz Agroport» компанияси харид қилди. Якуний нарх бошланғич нархдан 80 фоизга катта бўлди. Бошланғич сумма 159 миллиард 524 миллион сўм эди. Ҳозирда олди-сотди шартномасини имзолаш кутилмоқда.

rasm



Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур объектни октябр ойида онлайн савдога қўйганди. Тарас Шевченко ва Фидокор кўчалари кесишмасида жойлашган тўрт қаватли маъмурий бинодан ҳозирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда бир нечта халқаро ташкилотлар фойдаланади. Бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони 6 502 квадрат метрни ташкил этади. Объект сув таъминоти, канализация, газ ва электр энергияси тармоқларига уланган.

Янги мулкдор бинодан савдо, кўнгилочар, гастрономия ёки туризм мақсадларида фойдаланиши мумкин. Бунда шаҳарсозлик меъёрларига риоя қилиши талаб этилади.

Юридик шахслар давлат реестри маълумотларига кўра, «Shakhrisabz Agroport» компанияси 2026-йилнинг июн ойида ташкил этилган. Корхона Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида рўйхатдан ўтган, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритади. Компаниянинг устав фонди 550,5 млн сўмни ташкил этади. Жасур Достанович Каримов унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари ҳисобланади.

Маълумот учун, давлат кўчмас мулки объектининг олди-сотди шартномаси баённома расмийлаштирилганидан сўнг, 10 иш кунидан кечиктирмай сотувчи, балансда сақловчи ва аукцион савдоларининг ғолиби ўртасида тузилади. Агар аукцион ғолиби 5 иш куни ичида оператор хизмат ҳақига етарли маблағларни тўламаган ёки олди-сотди шартномасини имзолашни рад этган тақдирда, аукционнинг салоҳиятли ғолиби мавжуд бўлса, унга оператор хизмат ҳақига етарли маблағларни тўлаш учун 5 иш кунлик муддат берилади. Агар салоҳиятли ғолиб мазкур маблағни тўламаганда ёхуд мавжуд бўлмаганда, такрорий аукцион савдоларига чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент давлат юридик университетининг ётоқхонаси 195,7 млрд сўмга сотувга қўйилганди.

Teglar

Mavzuga oid