Трамп: «Эрон билан урушда ортиқ НАТОнинг ёрдами керак эмас»

Bugun 08:552 daqiqa

АҚШ Президенти Доналд Трамп Шимолий Атлантика алянси давлатлари Эронга қарши ҳарбий амалиётга қўшилишдан бош тортганини маълум қилди ва Вашингтон бундан буён ҳеч кимнинг кўмагига муҳтож эмаслигини айтди.

Трамп: «Эрон билан урушда ортиқ НАТОнинг ёрдами керак эмас»

Доналд Трамп «Truth Social» тармоғидаги саҳифасида АҚШнинг ҳарбий муваффақиятлари туфайли «НАТО» давлатларининг ёрдамига эҳтиёж қолмаганини, аслида бу ёрдам ҳеч қачон керак бўлмаганини таъкидлади. АҚШ президентининг фикрича, альянс доим «бир томонлама иттифоқ» бўлиб келган ва қийин вазиятларда АҚШни ёлғиз қолдирган. У нафақат Европа давлатларини, балки Япония, Австралия ва Жанубий Корея каби стратегик ҳамкорларни ҳам сусткашликда айблади.

Трампнинг ушбу баёноти Вашингтоннинг Ҳўрмуз бўғозини қамалдан қутқариш учун халқаро коалиция тузишга бўлган муваффақиятсиз уринишларидан сўнг янгради. 14-март куни Оқ уй раҳбари дунё етакчиларини бўғоз хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий кемалар юборишга чақирган эди. Бироқ иттифоқчиларнинг сукут сақлаши Трампни ғазаблантирди ва у 16-март куни бўғозни очишда қатнашмаган давлатларни «жуда ёмон» истиқбол кутаётганидан огоҳлантирди.

Иттифоқчиларнинг қатъий рад жавоби

«Axios» нашрининг Оқ уйдаги манбаларига кўра, АҚШнинг асосий ҳамкорлари Вашингтоннинг Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича ҳарбий ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эмас. Британия, Германия, Италия ва Канада каби давлатлар Эрон билан тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувга киришишдан хавфсирамоқда. Франция президенти Эммануэл Макрон эса Париж ҳеч қандай шароитда бўғозни очиш бўйича ҳарбий амалиётларда иштирок этмаслигини кескин ва очиқ баён қилди.

Бундай позиция Трамп маъмурияти учун кутилмаган зарба бўлди. Вашингтон нафақат Европа давлатларини, балки Иордания ва Форс кўрфази мамлакатларини ҳам коалицияга жалб қилишга умид қилган эди. Иттифоқчиларнинг бош тортиши АҚШни Эрон соҳилларини бомбардимон қилиш ва Ҳўрмуз бўғозини назорат қилиш вазифасини бир ўзи бажаришга мажбур қилмоқда. Бу эса минтақадаги ҳарбий харажатларнинг фақат Америка солиқ тўловчилари зиммасига тушишини англатади.

Алянс келажаги хавф остида

Трампнинг «бизга ҳеч ким керак эмас» қабилидаги чиқишлари «НАТО»нинг келажаги борасидаги баҳсларни янада авж олдирди. Президентнинг фикрича, АҚШ бошқа давлатларни ҳимоя қилишда давом этмоқда, бироқ улар Американинг ҳаётий муҳим манфаатлари хавф остида қолганда четда туришни афзал кўришмоқда. Бундай «нотенг» муносабат Трампни алянсдан чиқиш ёки уни ислоҳ қилиш бўйича янада кескин қадамлар ташлашга ундаши мумкин.

Ҳозир Ҳўрмуз бўғозида юк ташиш трафигининг 90 фоизга тушиб кетгани глобал иқтисодиётга зарба бермоқда. Агар АҚШ иттифоқчиларсиз бўғозни очишга киришса, бу жараён узоқроқ давом этиши ва кўпроқ қурбонлар берилишига олиб келиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid