Трампнинг вакили Ўзбекистонда муҳим келишувларга эришди
АҚШ Савдо вакиллиги идораси янги келишувни ўтган йили Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп иштирокида эълон қилинган 32 миллиард долларлик мега-шартномалардан кейинги энг йирик олдинга силжиш деб атади.
© Foto: prezident.uz kollajЎзбекистон ва АҚШ савдо тўсиқларини камайтириш ҳамда ўзаро савдо ва инвестициялар тўғрисидаги янги битим бўйича музокараларни жадаллаштиришни назарда тутувчи дастлабки келишувлар пакетини келишиб олди. Бу ҳақда АҚШ Савдо вакиллиги идораси маълум қилди.
Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон АҚШнинг кенг турдаги саноат товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тарифларни бекор қилиш ёки пасайтириш мажбуриятини олади.
Ўз навбатида, АҚШ ҳам миллий қонунчилиги доирасида Ўзбекистоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тариф чораларини қўллашда қулай шарт-шароитлар яратишни ўз зиммасига олади.
Инвестициялар кенгаяди
Дастлабки келишув пакети инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашни ҳам назарда тутади. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сармояларни рағбатлантириш ва енгиллаштириш йўлларини излашга келишиб олган.
Шунингдек, Ўзаро савдо ва инвестициялар тўғрисидаги тўлиқ битимни тайёрлаш бўйича музокараларни жадаллаштиришга қарор қилинган.
Муносабатлардаги янги босқич
АҚШ Савдо вакиллиги идорасининг таъкидлашича, мазкур келишув ўтган йили Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп иштирокида умумий қиймати 32 миллиард долларлик икки томонлама тижорат шартномалари эълон қилинганидан бери икки томонлама савдо муносабатларидаги навбатдаги жиддий олдинга силжишни англатади.
Ушбу пакетга «Boeing» билан 8,5 миллиард долларлик битим, шунингдек, муҳим минераллар, тоғ-кон саноати, энергетика, молия ва ахборот технологиялари соҳаларидаги лойиҳалар ҳам кирган эди.
АҚШ томони, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.
Томонлар дастлабки келишув пакетини яқин ҳафталарда расмий баённома сифатида имзолашни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилган эди. Икки томонлама музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, айниқса, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.





