Logo

Турдимовнинг вазир сифатидаги илк интервюси, камайиб бораётган никоҳлар ва Қашқадарёни камбағалликдан халос қилиш режаси — 22 октябр дайжести

Kecha 23:454 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Турдимовнинг вазир сифатидаги илк интервюси, камайиб бораётган никоҳлар ва Қашқадарёни камбағалликдан халос қилиш режаси — 22 октябр дайжести

Ўзбекистонда никоҳлар сони тўрт йилдан бери камаймоқда

Ўзбекистонда никоҳларни қайд этиш кўрсаткичи қаторасига тўртинчи йил пасайишда давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда мамлакатда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2025 йилга келиб бу рақам 267,1 мингтагача тушган. Умумий ҳисобда 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда никоҳлар сони 38,1 мингтага ёки 12,5 фоизга қисқарган. Жорий 2026 йилнинг январь–июнь ойларида эса республика бўйича 92,3 мингта никоҳ расмийлаштирилган.

Ушбу пасайиш тенденцияси аҳоли сонининг ўсиши фонида янада яққол кўзга ташланади. Хусусан, 1991 йилда мамлакат аҳолиси қарийб 21 миллион киши бўлган вақтда 270,3 мингта никоҳ қайд этилган эди. 2025 йилга келиб аҳоли сони 38 миллиондан ошганига қарамай, тузилган никоҳлар сони 1991 йилги кўрсаткичдан ҳам камроқни ташкил этмоқда. Маълумотларга кўра, оила қуриш кўрсаткичларининг бундай муттасил қисқариш жараёни айнан 2022 йилдан бошланган.

Қашқадарё йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши айтилди

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини 2026 йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар борлигини таъкидлаб, туман ҳокимлари ва банклар тегишли шароит яратса, вилоят бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқишини маълум қилди. Бу мақсадга эришиш учун саноат, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, вилоятга тайинланган лойиҳа менежери ва масъулларга 50 минг иш ўрни яратиш ҳамда 20 миллиард долларлик инвестицияларни қамраб олувчи уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш, янги сув ҳавзалари қуриш, 265 км канални бетонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш каби вазифалар белгиланди. Йиғилишда Қамаши туманидаги Чим маҳалласи намуна сифатида келтирилиб, бу ерда камбағал оила ва ишсиз аҳоли қолмагани қайд этилди ва келгуси йил Мустақиллик байрамигача ҳар бир туманда шу тажриба асосида иккитадан замонавий маҳалла маркази ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ўғирлаб кетилгани айтилган «Анорбанк» акциядори юридик компания орқали баёнот берди

«Анорбанк» акциядори Қаҳрамонжон Олимов ўзининг юридик вакили орқали баёнот бериб, сўнгги 18 ой ичида оиласи билан турли ноқонуний ҳужумларга дуч келганини маълум қилди. У 2025 йил июнь ойида Парижда ўғирлаб кетилиб, қийноққа солингани ва товон пули тўлашга мажбур қилинганини, ҳозирда бу жиноят бўйича беш киши қамоққа олинганини таъкидлаган.

Шунингдек, у ўзига нисбатан Интерпол орқали қўйилган (ва кейинчалик бекор қилинган) одам ўғирлаш айбловларини қатъиян рад этиб, бундай иғволар Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳити ва обрўсига путур етказаётганини билдирди ҳамда банк кузатув кенгашидан чиқиш учун ариза берди.

«Аравани торта олмаганлар сафдан тушиб қолади» — таълим вазири кадрлар ва янги ўзгаришларга муносабат билдирди

Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов соҳада янги қонунлар яратишдан кўра, мавжуд тартиб ва имкониятлардан тўғри фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Кадрлар сиёсати ҳақида гапирар экан, у муаммоларни фақат ходимларни алмаштириш билан ҳал қилиб бўлмаслигини, лекин ҳар бир мутахассиснинг иш натижасига қараб баҳо берилишини ва ўз вазифасини уддалай олмаган — «аравани торта олмаган» кадрлар тизимда қолмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, вазир таълим сифатини ошириш фақат ўқитувчи ёки вазирликнинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси эканини қайд этди. У ота-оналарни таълим жараёнида масъулиятли бўлишга, фарзандлари билан ҳар куни вақт ажратиб бирга дарс қилишга ҳамда педагогларнинг жамиятдаги обрўсини оширишга ҳисса қўшишга чақирди. Шу билан бирга, вазирлик таълимнинг барча босқичларида ўз вазифаларини аниқ белгилаб, жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлашини билдирди.

Тошкентдаги бозор ва савдо комплекслари хатловдан ўтказилади

Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида пойтахтдаги бозор ва савдо комплексларининг молиявий ҳолати ўрганилиб, мол-мулки хатловдан ўтказилади. Ушбу жараён давомида биноларнинг кадастр ҳужжатлари, мулкдорлар рўйхати, ҳудудлардаги ноқонуний қурилишлар, чегара ва муҳофаза зоналари ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан мавжуд қарздорликлар таҳлил қилинади.

Ўрганишлар натижасида бозор ва савдо мажмуаларидаги муаммоларни бартараф этиш, активлардан самарали фойдаланиш ва тегишли қарорларга асосан уларни оммавий савдоларга чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Мазкур тадбирлар Кадастр агентлигининг шаҳар бошқармаси, туман ҳокимликлари, солиқ органлари, Муниципал активларни бошқариш маркази ҳамда «Тошкент Инвест компанияси» ҳамкорлигида амалга оширилади.

Teglar

Mavzuga oid