Logo

Ўғирлаб кетилгани айтилган «Анорбанк» акциядори юридик компания орқали баёнот берди

Бугун 15:014 дақиқа

У сўнгги 18 ой давомида ўзи ва оиласи бир қатор ҳужумларга дуч келганини айтиб, бу ҳаракатлар жиноятлиги ва қонунга зидлигини айтмоқда. Банкир олдинроқ Интерпол қидирувига берилиб, кейин қидирувдан олиб ташланганди.

Ўғирлаб кетилгани айтилган «Анорбанк» акциядори юридик компания орқали баёнот берди © Ijtimoiy tarmoqlar

Интерпол қидирувига тушиб, сал ўтмай қидирув бекор қилинган «Анорбанк» акциядори, ўзбекистонлик молиячи Қаҳрамонжон Олимов сўнгги 18 ой давомида ўзи ва оиласи турли ҳужумларга дуч келганини айтиб чиқди. Унинг баёнотини 16-октябр куни Олимовнинг юридик вакили — «Fedida Associes» эълон қилди.

Банкирнинг айтишича, сўнгги 18 ой давомида у ва унинг оиласи бир қатор ҳужумларга дуч келган. У бу ҳаракатлар жиноятлиги ва қонунга зидлигини айтмоқда. Олимов ушбу баёнотни нотўғри маълумотларга аниқлик киритиш ва воқеалар ҳақида ҳақиқатни баён қилиш учун берганини айтди.

Олимов 2025-йил 24-июнда Парижда уни ўғирлаб кетишганини яна бир бор таъкидлади.

«Икки кун давомида ушлаб туришди, қийноққа солишди ва озодликка чиқишим учун товон пули тўлашга мажбур қилишди», — дейди у.

Унинг айтишича, Франция полициясининг терговидан сўнг беш киши ҳибсга олинган ва ҳозир тергов давомида қамоқда сақланмоқда. Яна икки кишига нисбатан суд назорати чораси қўлланган. Франция суд органлари уларга қарши жиноий ишни тайёрламоқда. Улар содир этган деб гумон қилинаётган қилмишлар жиддийлиги сабабли, уларни гаров эвазига озодликка чиқариш ҳақидаги барча сўровлар рад этилган.

«Шундан бери менга ва бизнесимга нисбатан иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда обрўйимга путур етказувчи босимлар давом этмоқда ва кучаймоқда. Энг сўнгги провокация эса Ўзбекистон томонидан менга нисбатан Интерполнинг халқаро қидируви — “қизил хабарнома”си эълон қилингани бўлди. Унда мени одам ўғирлашда айблашган, ваҳоланки, бу воқеада жабрланувчи ўзимман. Ҳозирда ушбу хабарнома Интерпол сайтидан олиб ташланган. Мен ўзимга қўйилган барча уйдирма айбловларни қатъиян рад этаман ва уларга қарши судда курашяпман», — урғулайди Олимов.

У Франция ва Ўзбекистон суд тизимларига ишонишини айтиб, бу воқеаларга масъул шахслар қилмишлари учун жавоб беришига қатъий ишонишини билдирди.

«Афсуски, уларнинг ҳаракатлари мен севган ватаним — Ўзбекистоннинг обрўсига путур етказмоқда. Бу ҳаракатлар президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қонун устуворлиги таъминланган, замонавий ва фаровон Ўзбекистонни барпо этиш, маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун қулай шароит яратиш мақсадларига зиддир», — дейди у.

Олимовни ҳимоя қилаётган «Fedida Associes» 1996-йилда Жан-Марк Федида томонидан ташкил этилган юридик компания дастлабдан жиноий ишлар бўйича ҳимоя билан шуғулланиб келади. Францияда ва хориждаги жиноят ишлари бўйича судларда тўпланган тажриба асосида компания кейинчалик бизнес ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга оид ишлар билан ҳам шуғуллана бошлаган.

«Анорбанк» кузатув кенгашидан чиқмоқчи

Олимов 2-октябр куни банкнинг кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берганди. Мазкур масала 28-октябр куни акциядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрининг аввал эълон қилинган маълумотларига кўра, «Анорбанк» акцияларининг 49,4 фоизи Олимовга, 50 фоизи Нидерландиянинг Bekamin B.V. компаниясига, 0,6 фоизи эса «Капитал Суғурта» суғурта компаниясига тегишли бўлган.

Fitch «Анорбанк» рейтингини яна пасайтирди

«Fitch Ratings» 8-октябр куни «Анорбанк»нинг миллий ва хорижий валютадаги узоқ муддатли рейтингини «CCC+» дан «CCC» га туширди. Банкнинг ҳаётийлик рейтинги ҳам «ccc+» дан «ccc» га пасайди. Иккала рейтинг «салбий» кузатув рўйхатига киритилди. Бу рейтинг сентябрь ойидан бери иккинчи марта пасайиш ҳисобланади.

«Anorbank»нинг молиявий кўрсаткичлари қандай?

2026-йил 1-сентябр ҳолатига кўра, «Anorbank»нинг активлари 21,4 трлн сўм, мажбуриятлари эса 19,8 трлн сўмни ташкил этган.

Банкнинг ликвидлик кўрсаткичлари Марказий банк томонидан белгиланган минимал талаблардан юқори бўлган. Жумладан, юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 16,9 фоизни ташкил этган, минимал талаб эса 10 фоиз этиб белгиланган.

Шунингдек, ликвидликни қоплаш меъёри (LCR) 116 фоиз, соф барқарор молиялаштириш меъёри (NSFR) 128 фоизни ташкил этган. Ҳар икки кўрсаткич бўйича минимал талаб 100 фоизга тенг.

Банкнинг регулятив капитал монандлиги коэффициенти 13 фоиз бўлган. Бу ҳам белгиланган 12 фоизлик минимал талабдан юқори.

Бундан ташқари, Марказий банкнинг банк тизими бўйича таққослама маълумотларига кўра, 2026-йил 1-август ҳолатида «Anorbank» активлари 20,2 трлн сўмни ташкил этган. Активлар ҳажми бўйича банк бир йил ичида тизимдаги банклар орасида 17-ўриндан 14-ўринга кўтарилган.

Шу даврда банкнинг депозит портфели 16,2 трлн сўмга етиб, бир йил ичида 44 фоизга ошган. Банк тизими бўйича депозитларнинг ўртача ўсиши эса 34 фоизни ташкил этган. Депозит портфели ҳажми бўйича «Anorbank» 13-ўриндан 12-ўринга, давлат улуши бўлмаган банклар орасида эса 6-ўриндан 5-ўринга кўтарилган. Умуман олганда, келтирилган кўрсаткичлар «Anorbank»нинг ликвидлиги, капитали ва депозит базаси бўйича ижобий динамикага эга эканини кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид