Logo

«Аравани торта олмаганлар сафдан тушиб қолади» — таълим вазири кадрлар ва янги ўзгаришларга муносабат билдирди

Бугун 15:402 дақиқа

Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов кадрлар сиёсатида иш натижалари асосий мезон бўлишини билдирди. Унинг айтишича, вазифасини уддалай олмаган ходимлар тизимда қолмайди, бироқ муаммоларни фақат кадрларни алмаштириш орқали ҳал қилиб бўлмайди.

«Аравани торта олмаганлар сафдан тушиб қолади» — таълим вазири кадрлар ва янги ўзгаришларга муносабат билдирди © Foto: gov.uz

Янги таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов таълим тизимида янги қонунлар қабул қилишдан кўра, мавжуд тартиб ва талабларни тўғри йўлга қўйиш муҳимлигини айтди. У ҳудудлардаги раҳбар ва кадрлар масаласига ҳам тўхталиб, ишни уддалай олмаган ходимлар тизимда қолмаслигини таъкидлади.

«Янгилик қилиб Американи очиш керак эмас»

Эркинжон Турдимов Gazeta.uz'га берган интервьюсида таълим соҳасида қандай ўзгаришлар қилишни режалаштираётгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг айтишича, тизимдаги мавжуд имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва масъулиятни ўз ўрнига қўйиш керак.

«Янгилик қилиб Американи очиш керак эмас. Бугун ҳамма нарса давлат томонидан яратилган. Фақат пастга қўйиб, буни қўйишимиз керак», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, таълим сифатини ошириш фақат вазирликнинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси ҳисобланади. Бунда фуқаролар, айниқса, фарзандли ота-оналар ўз масъулиятини ҳис қилиши керак.

Ишлай олмаган кадрлар тизимда қолмайди

Журналист вазирлик раҳбарияти ва ўринбосарлари янгилангани, шунингдек, туман ва вилоятлардаги раҳбар ҳамда кадрларни ҳам алмаштириш кераклиги ҳақидаги муҳокамаларга муносабат сўради.

Эркинжон Турдимов кадрларни алмаштиришнинг ўзи билан муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини айтди. Унинг фикрича, ходимлар фаолияти таҳлил қилиниши ва уларнинг иш натижаларига баҳо берилиши керак.

«Ҳамма нарса, ҳаммани кадрлар ечади. Кадр энди алмаштириш билан бир нарса битмайди. Биз, албатта, бу нарсани таҳлил билан [ҳал қиламиз]. Аравани ҳамма ўзи тортиши керак. Аравани торта олмаётганлар нима бўлади? Сафдан тушиб қолади», — деди вазир.

У ҳудудлардаги раҳбар ва ходимлар фаолияти ҳақида ҳозирча аниқ хулоса беришга эрта эканини билдириб, кадрлар масаласида вақт ва таҳлил муҳимлигини таъкидлади.

Ота-оналар ҳам таълим учун масъул

Вазир таълим сифатини оширишда ота-оналарнинг ҳам масъулияти борлигини таъкидлади. Унинг фикрича, болаларнинг билим олиши ва тарбияси фақат мактаб ёки ўқитувчининг вазифаси эмас.

«Мана шу фарзандингиз билан ҳар куни бир соат вақт ажратиб дарс қиласизми? Дарс қилмайсиз. Кўпчилик қилмайди. Биз дарс қилишимиз керак, фарзандимиздан сўрашимиз керак, фарзандимизга ўргатишимиз керак», — деди у.

Турдимов ўқитувчиларни танқид қилиш билангина таълим сифатини ошириб бўлмаслигини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, педагогларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш учун ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасидаги муносабатлар ҳам ўзгариши зарур.

Вазир, шунингдек, вазирлик мактабгача таълим, мактаб таълими, олий таълим ва илм-фан йўналишларида ўз вазифаларини аниқ белгилаб олиши кераклигини айтди. Бу борада жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаш муҳимлигини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид