Хоманаийнинг ўлимидан бир ҳафта ўтиб Эронга янги Олий раҳбар тайинланди

09.03.2026 | 03:322 daqiqa

Энди марҳум Али Хоманаийнинг ўғли Мўжтабо Хоманаий Ислом Республикасини 47 йиллик тарихидаги энг оғир инқироздан олиб чиқишга масъул бўлади.

Хоманаийнинг ўлимидан бир ҳафта ўтиб Эронга янги Олий раҳбар тайинланди

Эрон Мўжтабо Хоманаийни мамлакатнинг янги Олий раҳбари этиб тайинлади. Бу қарор унинг отаси оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий АҚШ ва Исроилнинг бутун минтақани уруш гирдобига улоқтирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганидан бир ҳафта ўтиб қабул қилинди.

Якшанба, 8 март куни диний уламолар Мўжтабо Хоманаийни отасининг вориси деб эълон қилишди. Энди у Ислом Республикасини ўз тарихидаги энг йирик инқироз даврида бошқаради.

Хоманаийнинг йўли танланди

Мўжтабо Хоманаий илгари ҳеч қачон сайловларда қатнашмаган ёки халқ овозига қўйилмаган. Бироқ у ўн йиллар давомида Олий раҳбарнинг яқин доирасидаги энг нуфузли шахслардан бири бўлиб келган ва қудратли Ислом инқилоби соқчилари корпуси билан яқин алоқалар ўрнатган. Сўнгги йилларда у отасининг ўрнини босиши мумкин бўлган асосий номзод сифатида тез-тез тилга олинаётган эди.

«Унинг сайланиши Эрон сиёсий тизимидаги қаттиққўл гуруҳлар ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолаётганидан далолат бериши мумкин. Бу эса ҳукуматнинг уруш давом этаётган бир пайтда қисқа муддатли келишув ёки музокараларга киришиш истаги паст эканини англатади», - дея ёзмоқда «Al-Jazeera».

Мамлакат Олий раҳбарини танлаш ваколатига эга бўлган 88 аъзодан иборат Экспертлар кенгаши аввалроқ ягона номзод бўйича тўхтамга келганини билдирган эди.

«Имом Хоманаий ва шаҳид имом Хоманаийнинг йўли танланди. Хоманаий номи яшашда давом этади», — деб таъкидлади Кенгаш аъзоларидан бири.

«Эпштейннинг тўдаси эмас, Эрон миллати ҳал қилади»

Эронни 37 йил давомида бошқарган Али Хоманаий 28 феврал куни Теҳронга берилган ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган эди. Бу воқеа Яқин Шарқ бўйлаб тартибсизликларни келтириб чиқарди.

Исроил ҳарбийлари Хоманаийнинг ўрнини босадиган ҳар қандай шахсни йўқ қилиш билан таҳдид қилган бўлса, АҚШ Президенти Доналд Трамп уруш фақат Эрон ҳарбийлари ва раҳбарлари бутунлай маҳв этилгандан кейингина тугаши мумкинлигини айтди. Трамп янги раҳбар унинг розилигисиз «узоққа бормаслигини» яна бир бор таъкидлади.

Эрон расмийлари Трампнинг бу даъволарини кескин рад этиб, мамлакат келажагини фақат Эрон халқи белгилашини қайд этди.

«Азиз Эроннинг тақдирини Жеффри Эпштейннинг тўдаси эмас, балки фақат мағрур Эрон миллати ҳал қилади», — деб ёзди Эрон Парламенти спикери Муҳаммад Бақир Ғолибоф Трампнинг баёнотларини масхара қилиб.

Teglar

Mavzuga oid