Янги қоидалар фонида қозоғистонликлар пенсия жамғармаларини шошилинч сарфламоқда

Bugun 19:261 daqiqa

Қозоғистонда апрел ойида аҳоли пенсия жамғармаларидан 66,8 млрд тенге ечиб олди – бу март ойига нисбатан 33 фоизга кўп.

Янги қоидалар фонида қозоғистонликлар пенсия жамғармаларини шошилинч сарфламоқда

Қозоғистонда янги чекловлар фонида пенсия маблағларини уй-жой шароитини яхшилашга йўналтириш кескин ошган. Бу ҳақда «First Credit Bureau» экспертларига таяниб, «Orda.kz» хабар берди.

Қайд этилишича, апрел ойида қозоғистонликлар пенсия фондидан 66,8 млрд тенге ечиб олган. Бу март ойига нисбатан 33 фоизга кўп. Бажарилган аризалар сони ҳам 15 фоизга ошиб, 58,4 мингтага етган.

Энг катта талаб уй-жой жамғармаси тизимидаги омонатларни тўлдириш ва кўчмас мулк сотиб олишдаги якуний ҳисоб-китобларга тўғри келган. Бироқ «Otbasy Bank» ва бошқа банклар орқали ипотекани қисман ёпиш ҳажми аксинча 10–15 фоизга камайган.

Янги чекловлар

Экспертлар буни янги чекловлар билан боғламоқда. Январдан бошлаб «Otbasy Bank» орқали пенсия маблағларини фақат асосий қарзни тўлаш учун ишлатишга рухсат берилди – фоизлар ва жарималарни қоплаш мумкин эмас. Апрел ўртасидан шу қоидалар бошқа банкларда ҳам кучга кирди.

Мутахассислар фикрича, қозоғистонликлар янги қаттиқлаштиришлар ҳақидаги муҳокамалар сабаб ҳам жамғармалардан тезроқ фойдаланишга шошилмоқда. Ҳукумат минимал етарлилик чегараларини яна ошириши мумкин.

Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги эса бу ташаббусни қариликда молиявий барқарорликни таъминлаш зарурати билан изоҳлаган.

Teglar

Mavzuga oid