Янги Тошкент ва 27 млрд долларлик лойиҳалар инвесторларга тақдим қилинди
Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент мегаполиси қурилаётганини, шунингдек, Андижон, Наманган ва Самарқандни ҳам миллионли шаҳарларга айлантириш бўйича лойиҳалар бошланганини маълум қилди.
© prezident.uzБешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда транспорт-логистика, шаҳарсозлик, туризм ва агросаноат соҳаларида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётганини маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Марказий Осиё сўнгги йилларда ташқи бозорларга тобора очилаётган ва ўзаро боғлиқлик кучайиб бораётган ҳудудга айланмоқда. Шу муносабат билан минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли, Трансафғон транспорт коридори ҳамда Каспий денгизи орқали ўтувчи «Ўрта коридор» лойиҳалари стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Янги аэропорт ва «қуруқ портлар» қурилади
Форумда маълум қилинишича, саудиялик ҳамкорлар иштирокида янги Тошкент халқаро аэропорти қурилмоқда. Лойиҳа йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, инвесторларга тезюрар автомобиль йўллари, кўп функцияли логистика марказлари ва замонавий «қуруқ портлар» қурилишида иштирок этиш таклиф қилинди.
Янги Тошкент 2 миллион аҳолига мўлжалланган
Президент ҳудудларни комплекс ривожлантириш режалари ҳақида ҳам тўхталди. Унга кўра, пойтахт атрофида 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент мегаполиси барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, Андижон, Наманган ва Самарқанд шаҳарларини миллионли шаҳарларга айлантириш бўйича йирик дастурлар бошланган.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, мамлакатда уй-жой қурилиши бозорининг йиллик ҳажми камида 10 миллиард долларни ташкил этади.
27 млрд долларлик шериклик лойиҳалари
Инфратузилма соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги асосида умумий қиймати 27 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев туризм ва агросаноат соҳаларида ҳам катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, маҳаллий ва хорижий инвесторларни мамлакат ҳудудларидаги янги лойиҳаларда иштирок этишга чақирди.

Тошкент халқаро инвестиция форуми
16-18-июн кунлари Тошкентда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Форумга оид барча хабарлар бир ҳаволада.





