Яқин Шарқдаги можаро туризмга қанча зарар етказгани маълум бўлди
Урушнинг дастлабки биринчи ҳафтасида Дубай шаҳрининг ўзида қисқа муддатли ижара уйлари бўйича 80 мингдан ортиқ брон бекор қилинган.

Яқин Шарқда авж олган ҳарбий можаро минтақанинг туризм саноатига катта иқтисодий зарба бермоқда. Бутунжаҳон туризм ва саёҳат кенгаши (WTTC) маълумотларига кўра, ҳозирги вазият сабаб минтақадаги туризм сектори кунига тахминан 600 млн долларгача даромад йўқотмоқда. Бу ҳақда «Financial Times» нашри хабар берди.
Можаро оқибатида айрим давлатлар ҳаво ҳудудларини ёпди, кўплаб авиарейслар бекор қилинди. Шу билан бирга, хавфсизликка оид хавотирлар ортиши туфайли сайёҳлар сафарларини бекор қилмоқда. Бу ҳолат меҳмонхона, ижара уйлари ва туристик хизматлар бозорига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бронларнинг оммавий равишда бекор қилиниши вазиятнинг қанчалик жиддий эканини кўрсатади. AirDNA таҳлилий гуруҳи маълумотларига кўра, 6 мартгача бўлган бир ҳафта ичида фақат Дубай шаҳрининг ўзида қисқа муддатли ижара уйлари бўйича 80 мингдан ортиқ брон бекор қилинган.
Можаро бошланишидан олдин WTTC 2026 йил давомида хорижий сайёҳлар Яқин Шарқ мамлакатларида тахминан 207 млрд доллар сарфлашини прогноз қилган эди. Аммо ҳозирги ҳарбий вазият бу прогнозларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Кенгаш раиси Глория Гевара ҳатто қисқа муддатли узилишлар ҳам туризмга кучли иқтисодий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, саёҳат оқими камайиши нафақат туристик йўналишларга, балки меҳмонхоналар, авиакомпаниялар ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдиган минглаб ходимлар даромадига ҳам салбий таъсир қилади.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва Исроил феврал охирида Эронга ҳаво ҳужумларини бошлади. Авиазарбалар оқибатида олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳалок бўлди. Теҳрон бунга жавобан Исроил ҳамда АҚШнинг Форс кўрфазидаги обектларига зарбалар берди.





