Яқин Шарқдан 15 мингга яқин ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди
Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар сабаб минглаб Ўзбекистон фуқаролари махсус рейслар орқали мамлакатга қайтарилди.

28 февралдан 7 март соат 10:00 ҳолатига қадар Яқин Шарқ мамлакатларидан қарийб 15 минг нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Мадина ва Жидда аэропортларидан жами 63 та парвоз амалга оширилиб, улар орқали 13 543 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, Дубай аэропортидан бажарилган 9 та рейс орқали яна 1401 нафар юртдош мамлакатга қайтган.
Айни пайтда Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар ва Исроил давлатларининг ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпиқлигича қолмоқда. Бу эса минтақадаги авиақатновларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Айрим рейслар хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилди. Хусусан, Fly Nas авиакомпанияси Жидда — Тошкент ва Жидда — Наманган йўналишлари бўйича 5 та рейсни бажарган. Fly Dubai авиакомпанияси эса Дубай — Тошкент йўналишида 3 та парвозни амалга оширди. Ушбу рейслар орқали жами 1365 нафар йўловчи ташилган бўлиб, уларнинг 990 нафари Ўзбекистон фуқароларини ташкил этган.
Фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ўзавиация” агентлигида сутка давомида ишлайдиган штаб ва колл-марказлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам 24/7 режимида ишлайдиган алоқа маркази орқали мурожаатларни қабул қилмоқда.
Ҳозирда Қатар ҳудудида қолган фуқароларни Саудия Арабистонининг Эр-Риёз аэропорти орқали олиб чиқиш бўйича ташкилий ишлар давом этмоқда. Қайд этилишича, Яқин Шарқдан қайтарилган фуқароларнинг тахминан 95 фоизи мазкур мамлакатларга турпакетлар асосида борган.





