Logo

Евроосиё транспорт тармоғига сарфланаётган пулларнинг қанчаси Марказий Осиёга тўғри келади?

Bugun 16:153 daqiqa

Минтақада умумий қиймати 71,75 миллиард доллардан ошадиган 114 та лойиҳа амалга оширилмоқда ёки режалаштирилган.

Евроосиё транспорт тармоғига сарфланаётган пулларнинг қанчаси Марказий Осиёга тўғри келади? © aiib.org

Евроосиё транспорт тармоғига 345 миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилмоқда, унинг бешдан бир қисми Марказий Осиёга тўғри келади. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банкининг «Транспорт коридорлари инфратузилмаси: Евроосиё транспорт тармоғи лойиҳалари мониторинги ва интерактив харитаси – 2026» ҳисоботида келтирилган.

Евроосиёнинг транспорт тизими яқин йилларда катта кенгайишга тайёрланмоқда. Ҳозирда минтақада умумий қиймати 345 миллиард доллар бўлган 402 та транспорт лойиҳаси амалга оширилмоқда ёки режалаштирилган. Бундан ташқари, яна 100 миллиард долларлик янги лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.

Марказий Осиё давлатлари Евроосиё транспорт тармоғини ривожлантириш учун ажратилаётган жами инвестицияларнинг 21 фоиздан ортиғини эгаллайди. Минтақада умумий қиймати 71,75 миллиард доллардан ошадиган 114 та лойиҳа амалга оширилмоқда ёки режалаштирилган.

Евроосиё транспорт тармоғи лойиҳалари мониторинг платформаси 13 та давлатдаги транспорт коридорлари ривожланишини кузатиб боради. Унга Арманистон, Озарбайжон, Афғонистон, Беларусь, Грузия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради. Мазкур платформа транспорт инфратузилмасидаги ўзгаришларни кузатиш, устувор лойиҳаларни аниқлаш ва инвестиция қарорларини самаралироқ қабул қилишга ёрдам беради.

Марказий Осиёда 6 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар якунланди

2025-йилда Евроосиё ҳудудида умумий инвестиция ҳажми 10 миллиард доллардан ошган транспорт инфратузилмаси объектлари фойдаланишга топширилди. Марказий Осиёда эса умумий қиймати 6 миллиард доллардан ортиқ бўлган йирик лойиҳалар якунланди. Улар орасида:

Қозоғистон: Достйк–Мўйинти темирйўл линияси модернизация қилинди. Иккинчи асосий йўллар қурилиши ҳисобига унинг ўтказиш қуввати 5 баравар ошди;

Туркманистон: Ашхобод–Мари–Туркманобод автомобиль йўли ҳамда Халқаро Шимол–Жануб транспорт йўлагининг Туркманбоши–Гарабоғоз–Қозоғистон чегараси йўналишидаги қисми ишга туширилди;

Қирғизистон: Муқобил Шимол–Жануб автомобиль йўлидаги Кўк-Арт довони туннели фойдаланишга топширилди;

Тожикистон: Обигарм–Нуробод йўлининг айрим қисмлари қуриб битказилди;

Ўзбекистон: Бухоро–Урганч–Хива темирйўлини электрлаштириш якунланиб, юқори тезликдаги йўловчи қатновлари йўлга қўйилди.

Марказий Осиёда асосий эътибор автомобиль йўлларига қаратилган

Марказий Осиё давлатларидаги инвестицияларнинг қарийб 56 фоизи автомобиль йўлларини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Бу халқаро транзит ва савдони ривожлантиришда автомобиль транспортининг муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Яна 29,8 фоиз инвестициялар Марказий Осиё орқали ўтувчи транспорт коридорларидаги темирйўл йўналишларини ривожлантиришга сарфланмоқда.

Минтақадаги Евроосиё транспорт тармоғини ривожлантириш учун мўлжалланган энг катта маблағ — 42,8 миллиард доллар — TRACECA коридори, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (TITR) ривожлантиришга йўналтирилмоқда.

Марказий Осиёдаги энг йирик транспорт лойиҳалари

Марказий Осиёдаги энг йирик 10 та транспорт лойиҳаси Евроосиё транспорт тармоғига йўналтирилаётган жами инвестицияларнинг 42 фоизини ташкил қилади. Улар орасида:

  • Трансафғон темирйўл коридори — 4,8 миллиард доллар;

  • Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли — 4,7 миллиард доллар;

  • Тошкент–Андижон пуллик автомобиль йўли — 4,3 миллиард доллар;

  • Остона–Қўстанай–Россия чегараси автомобиль йўлини реконструкция қилиш — 4,1 миллиард доллар;

  • Тошкент–Самарқанд юқори тезликдаги темирйўли — 3 миллиард доллар;

  • Марказ–Ғарб автомобиль йўли (Астана–Шалкар–Қандиағаш қисми) — 2,6 миллиард доллар;

  • Ашхобод–Туркманбоши автомобиль йўли — 2,5 миллиард доллар;

  • Янги Тошкент халқаро аэропорти — 2,5 миллиард доллар;

  • Серахс–Мари–Серҳетобод автомобиль йўли — 2,2 миллиард доллар;

  • Тошкент–Самарқанд пуллик автомобиль йўли — 2,2 миллиард доллар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда Ўзбекистон бошқарувидаги Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўл линиясида янги қуруқлик порти очилганди.

Teglar

Mavzuga oid