Йирик миқдордаги тўловлар учун назорат кучайтирилиши мумкин

Марказий банк 10,3 млн сўмдан ортиқ барча тўлов ва ўтказмалар устидан назоратни кучайтиришни режалаштирмоқда. Янги талабларга кўра, банклар транзаксияларда жўнатувчи ва қабул қилувчи ҳақида кенгайтирилган маълумотларни тақдим этиши шарт бўлади.

Йирик миқдордаги тўловлар учун назорат кучайтирилиши мумкин

Марказий банк пул ўтказмалари ва банк операциялари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган янги талабларни жорий этишни режалаштирмоқда. 10,3 млн сўмдан юқори барча ички тўловлар учун жўнатувчи ва қабул қилувчи ҳақида қўшимча маълумотлар илова қилиниши мумкин.

Янги талабларга кўра, жўнатувчилар ҳақида операция рақами, яшаш манзили ва туғилган санаси (жисмоний шахслар учун) ёки СТИР (юридик шахслар учун) кўрсатилиши шарт. Қабул қилувчилар учун эса операция рақами, жойлашган ҳудуд ва юридик шахслар учун СТИР талаб қилинади.

Бу талаблар БҲМнинг 25 бараварига тенг бўлган 10,3 млн сўм ва ундан юқори барча тўловларга татбиқ этилади. Ҳозирги қоидаларда эса ушбу талаб фақат 12,6 млн сўмдан юқори электрон ўтказмалар учун амал қилади.

Шунингдек, банклар товар ва хизматлар учун амалга ошириладиган барча тўловларга карта рақамларини илова қилиши керак бўлади. Зарур ҳолларда карта чиқарган банк ва хизмат кўрсатувчи банк ҳақида маълумот тақдим этиш мажбурий қилинади.

Лойиҳада трансчегаравий нақд пул ечиб олиш операциялари бўйича ҳам қўшимча талаблар назарда тутилган. Бунда карта маълумотлари бошқа банк орқали амалга оширилган операцияларда ҳам тақдим этилиши керак.

Яна бир янгилик сифатида «пакетли ўтказма» тушунчаси жорий этилмоқда. У бир нечта тўловни ўз ичига олган ягона транзакция бўлиб, маълум ҳолатларда ҳар бир тўлов учун алоҳида маълумот тақдим этиш талаб этилмаслиги мумкин.

Марказий банк ушбу ўзгаришларни халқаро стандартлар, жумладан FATF (Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш гуруҳи) тавсиялари асосида ишлаб чиққанини таъкидламоқда. Лойиҳа муҳокамаси 4 апрелгача давом этади.

Teglar

Mavzuga oid