
1 февралдан газ ва электр учун субсидияни онлайн олиш мумкин
Оила тасарруфида икки ёки ундан ортиқ автомобил, икки ёки ундан ортиқ кўчмас мулк ёки ер участкалари мавжуд бўлса тўлов рад этилади.

2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда газ ва электр энергияси харажатлари учун субсидия олиш тартиби соддалаштирилади. Эндиликда муҳтож аҳоли компенсацияга онлайн мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрда қабул қилинган қарори билан белгиланди.
Қарорга мувофиқ, электр ва газни ижтимоий норма доирасида ҳамда лимитдан ортиқ истеъмол қилишда тарифлар ўртасидаги фарқни қоплаш механизми жорий этилади. Аввал субсидия учун фақат «Инсон» марказлари орқали мурожаат қилиш мумкин бўлган бўлса, янги тартибда фуқаролар аризани мустақил равишда ҳам топшириши мумкин.
Мурожаатлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари марказлари ёки маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали қабул қилинади. Аризалар ҳар ойнинг 16-кунига қадар қабул қилиниб, «Ягона реестр» орқали автоматик тарзда кўриб чиқилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар субсидия олувчи сифатида автоматик тан олинади. Шунингдек, бир киши ҳисобидаги даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан кам бўлган, кам таъминланган ёки давлат таъминотидаги оилалар ҳам компенсация олиш ҳуқуқига эга.
Бироқ айрим ҳолатларда субсидия тайинланмайди. Жумладан, оила тасарруфида икки ёки ундан ортиқ автомобиль, икки ёки ундан ортиқ кўчмас мулк ёки ер участкалари мавжуд бўлса, шунингдек, яқин йилларда ишлаб чиқарилган техника воситалари бор бўлса, тўлов рад этилади.
Компенсация маблағлари ойнинг 27-кунига қадар фуқароларнинг банк ёки ижтимоий карталарига ўтказилади. Мазкур тўловлар 2024 йил баҳорида тарифлар оширилиши ортидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган.





