1 ойда барча вазирлик ва идоралар ўзидаги маълумотларни электрон форматга ўтказади
Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича йиғилишда бир ой ичида барча вазирлик ва идоралардаги маълумотларни электрон форматга ўтказишни топширди.

21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сунъий интеллект (СИ) технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари инсоният сунъий идрок даврига қадам қўйганини таъкидлаб, бу технологиялар иқтисодиёт, таълим, тиббиёт ва бошқарув соҳаларида чуқур ўрин эгаллаётганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлганини эслаб, тил ривожи билан бир қаторда сунъий идрок соҳасида ўзбек тилидаги маълумотлар етарли эмаслигини танқид қилди.
«Бир нарсани билиш керак — сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал тушуниши зарур. Аммо ўзбек тилидаги адабиётлар, маълумотлар, мақолалар, ҳисоботлар ва илмий ишларнинг аксарияти ҳали рақамлаштирилмаган. Электрон шаклга ўтказилганлари ҳам турли манбаларда сақланмоқда.», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент маълум қилишича, ҳозирги кунда Архив агентлигидаги асосий маълумотларнинг атиги 13 фоизи рақамлаштирилган, қолганлари турли манбаларда тарқоқ ҳолда сақланмоқда. Шу муносабат билан Бош вазир Абдулла Ариповга бир ой ичида барча вазирлик ва идоралардаги маълумотларни электрон форматга ўтказиш ишларини якунлаш ва шахсан назоратга олиш топширилди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга эса сунъий идрок тизимларида миллий маданият ва қадриятларни акс эттирувчи «ўзбек тили корпуси»ни яратиш вазифаси юклатилди. Бу ишлар олти ой ичида амалга оширилиши керак.
Шунингдек, Айюпов, АбдуқодирТошқулов, Қонгратбай Шарипов, Эзоза Каримова, Сирожиддин Саид, Умида Тешабоева, Абусаид Қўчимов ва Юсупов каби мутасаддиларга бир ой муддатда ўзбек тилидаги барча ахборот манбаларини Рақамли технологиялар вазирлигига тақдим этиш вазифаси берилди.
Шерзод Шерматов 2026 йил охиригача миллий маълумотлар платформасини ишга тушириши белгиланди. Ушбу тизим катта ҳажмдаги рақамли маълумотларни бирлаштириш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Йиғилишда таъкидланишича, бу ташаббус Ўзбекистонда миллий сунъий идрок дастурларини яратиш ва ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.





