1,8 млрд сўмлик кўприк, метан «заправка»ларга яна чеклов ва Беларуснинг АЭС қурилишидаги ёрдам таклифи — 10-март дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Наврўз байрами дастури тасдиқланди
Президент қарори билан Ўзбекистонда Наврўз байрамини муносиб нишонлаш бўйича «Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастури тасдиқланади.
Қарор билан 2026-йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (Ташкилий қўмита) таркиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, бу йилги Наврўз муборак Рамазон ҳайити байрами билан ҳамоҳанг тарзда нишонланиши унинг инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтиришини инобатга олиб, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ҳолидан хабар олиш ташкил этилади.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган тадбирлар амалга оширилади, «Мен ҳам кўчат экаман» акциялари, умумхалқ ҳашарлари ташкил этилади. Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайиллари ташкил этилади.
Тошкент ҳокими Сергелида кўприк қуриш учун 1,8 млрд сўм ажратди
Тошкент шаҳри Сергели туманида канал устидан ўтган кўприк олиб ташлангани сабабли болалар мактабга бориш учун қувур орқали ўтаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Шу ҳолатдан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан Юқори Дархон маҳалласи ҳудудидаги Жўн канали устида янги кўприк қуриш учун 1 млрд 860 млн сўм ажратилди.
Маълум қилинишича, янги кўприк «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан барпо этилади. Қувур ўз жойида қолади, аммо ундан тахминан 50 метр масофада автомобиллар ва пиёдалар учун мўлжалланган янги кўприк қурилади. Аввалги кўприк ҳашар усулида қурилган бўлиб, авариявий ҳолатда экани сабаб бузиб ташланган.
Беларус Ўзбекистонга АЭС қурилишида технология ва кадрлар билан ёрдам бермоқчи
Беларус президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга атом электр станцияси қуришда технологиялар тақдим этиш ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Минскда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашувда маълум қилди. Лукашенконинг таъкидлашича, беларуслик мутахассислар Россия билан ҳамкорликда атом энергия блокларини қуриш жараёнида катта тажриба тўплаган.
Учрашувда икки давлат ўртасида атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Лукашенко Ўзбекистон делегациясини Беларусга ташриф буюриб, мутахассислар билан музокаралар ўтказишга таклиф қилди. Шунингдек, у икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини келгуси йилларда 2 млрд долларга етказиш имконияти борлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда крипто-активлар рекламаси тартибга солинади
Ўзбекистонда крипто-активлар билан боғлиқ хизматлар рекламасига қўйиладиган талаблар янгиланди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги буйруғига кўра, рекламада криптоактивлар Ўзбекистонда тўлов воситаси ҳисобланмаслиги алоҳида кўрсатилиши шарт. Шунингдек, криптовалюта операциялари юқори таваккалчиликка эга экани, маблағларни тўлиқ йўқотиш эҳтимоли мавжудлиги ва улар давлат томонидан кафолатланмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар сақланиб қолади. Криптоинвестициялар орқали осон бойишни ваъда қилиш ёки бонус ва чегирмалар таклиф этиш тақиқланади.
Ҳужжатда «асослантирилган мулоҳаза» тушунчаси ҳам жорий этилган. Унга кўра, лицензияловчи орган қонунчилик талабларидан ташқари ҳолатларни ҳам баҳолаб, крипто-хизматлар провайдерларига лицензия беришни рад этиши мумкин. Шунингдек, криптобиржа, криптодўкон, криптодепозитарий ва майнинг-пул хизматларини фақат Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар алоҳида лицензия асосида кўрсата олади; серверлар мамлакат ҳудудида жойлаштирилиб, транзакция ва мижозлар ҳақидаги маълумотлар камида 5 йил сақланиши талаб қилинади.
Метан «заправка»лар фаолиятига яна чеклов киритилди
Ўзбекистонда 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб метан газ қуйиш станциялари фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши туфайли мамлакатда табиий газ истеъмоли кескин ортган. Натижада магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, бундай шароитда асосий мақсад аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз газ билан таъминлашдан иборат. Шу боис, газ ресурслари биринчи навбатда уй хўжаликлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий муассасалар эҳтиёжларига йўналтирилади.
Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари ва жамоат транспорти учун газ таъминоти чекловларсиз давом эттирилиши таъкидланди.





