
2025 йилда дунёда нечта журналист ҳалок бўлгани маълум қилинди
Маълумотларга кўра, ўтган йил журналистлар учун энг хавфли даврлардан бири бўлган.

2025 йилда дунёнинг турли минтақаларида жами 128 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлган.
Уларнинг 10 нафари аёллар ҳисобланади. Бу ҳақда Халқаро журналистлар федерацияси расмий ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ушбу рақамлар ичига касбий фаолият билан боғлиқ зўравонлик ҳолатлари билан бирга, бахтсиз ҳодисалар натижасида юз берган 9 та ўлим ҳам киритилган.
Таққослаш учун, 2024 йилда дунё бўйлаб 122 нафар журналист ҳалок бўлган бўлиб, уларнинг 14 нафари аёллар эди. Яъни, бир йил ичида ҳалок бўлган ОАВ ходимлари сони яна ортган.
ХЖФ раиси Энтони Белланжернинг таъкидлашича, 2025 йилдаги кўрсаткичлар журналистлар учун хавф даражаси энг юқори нуқтага чиққанини кўрсатади.
У расмий ҳокимиятларни оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилиш борасидаги «доимий муваффақиятсизлик»да танқид қилган ва 2026 йилда зўравонлик ҳамда жазосизликка қарши кескин чоралар кўришга чақирган.
Федерация маълумотларига кўра, 1990 йилдан буён бутун дунёда жами 3173 нафар журналист ҳалок бўлган. Шунингдек, 2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 533 нафар журналист қамоқда сақланмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан ўсишни англатади, чунки 2024 йил охирида қамоқдаги журналистлар сони 516 нафарни ташкил этган.
Энг кўп қамоқда сақланаётган журналистлар Хитой ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг сони 143 нафарни ташкил этган.
Шу билан бирга, журналистлар ўлими бўйича турли халқаро ташкилотлар келтираётган маълумотлар ўртасида фарқ мавжуд. Масалан, Чегара билмас мухбирлар ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда касбий фаолиятини бажариш чоғида 67 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган. ЮНЕСКО маълумотларида эса ушбу кўрсаткич 93 нафар деб қайд этилган.
Мутахассислар бу тафовутларни ҳисоблаш услублари ва мезонларининг турличалиги билан изоҳламоқда.





