add

2025 йилда Ўзбекистонда уй-жой нархи қанча бўлди?

Kecha 17:092 daqiqa

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда иккиламчи уй-жой бозорида фаоллик ошган, нархлар ҳудудлар кесимида турлича шаклланиб, айрим вилоятларда арзон сегмент сақланиб қолган.

2025 йилда Ўзбекистонда уй-жой нархи қанча бўлди?

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли даражада ошди ва бу жараён ҳудудлар кесимида турлича динамика билан намоён бўлди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига асосан, йил давомида уй-жой олди-сотди битимлари сони 295 мингтага етган ва ўтган йилга нисбатан 15 фоиздан ортиқ ўсиш қайд этилган.

1

Ҳудудлар кесимида битимлар динамикаси

Ҳудудлар кесимида бозор фаоллиги айниқса Бухоро, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида юқори бўлди. Ушбу ҳудудларда йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 25,7, 23,3 ва 19,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, республика бўйича барча уй-жой олди-сотди битимларининг тахминан 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда битимлар ҳажми 18,2 фоизга ўсиб, 84 минг атрофида шаклланди.

2

Бозорда нархлар ўсиши

Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар динамикаси ҳам мўътадил тезлашиш билан ажралиб турди. Республика бўйича ўртача йиллик ўсиш 7,9–8 фоиз атрофида бўлиб, 2024 йилдаги 6,2 фоизли кўрсаткичдан юқори натижа қайд этилди. Айниқса, Сурхондарё вилоятида йиллик ўсиш 19,5 фоизга етди. Фарғона вилоятида бу кўрсаткич 15,5 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида эса 15,6 фоизни ташкил этди.

Энг қиммат нархлар

Нархлар даражаси бўйича энг қиммат иккиламчи уй-жойлар анъанавий равишда Тошкент шаҳрида сақланиб қолди. Пойтахтда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 1104 долларни ташкил этиб, йиллик ўсиш 0,6 фоиз бўлди. Самарқанд вилоятида ўртача нарх 834 доллар, Тошкент вилоятида эса 682 долларга тенглашди. Бу ҳудудлар инфратузилма ва инвестицион жозибадорлик нуқтаи назаридан етакчи бўлиб қолмоқда.

Энг арзон нархлар

Энг паст нархлар Қорақалпоғистон Республикасида кузатилиб, бир квадрат метр учун ўртача 378 долларга тенг бўлди. Шунингдек, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам нисбатан арзон уй-жойлар сақланиб қолиб, ўртача қиймат 450–460 доллар атрофида шаклланди. Умуман олганда, 2025 йил кўчмас мулк бозорида барқарор ўсиш, ҳудудий тафовутлар ва сегментлар бўйича турли суръатларни намоён этган йил сифатида баҳоланмоқда.

Пойтахтда кўчмас мулк бозоридаги вазият

2025 йил давомида Тошкент шаҳрининг иккиламчи уй-жой бозорида нархлар деярли барқарор сақланди. Йил якунига келиб, бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 0,6 фоизга ошиб, 1100 доллардан юқори даражада шаклланди. Шу билан бирга, пойтахтнинг айрим ҳудудларида нархлар пасайиши ҳам кузатилди.

Хусусан, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида иккиламчи уй-жой нархлари тахминан 5 фоизга камайди. Бирламчи бозорда эса вазият анча фаол бўлиб, янги қурилган уй-жойлар нархи йил давомида ўртача 9 фоиздан ортиқ ўсди. Энг юқори ўсиш суръатлари Миробод туманида 18 фоизни, Яшнобод туманида 14 фоизни ҳамда Мирзо Улуғбек туманида 13,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳолат пойтахтда янги турар жойларга талаб юқори бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid