add

2026 йилда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга 140 трлн сўм кредит ажратилади

24.01.2026 | 20:502 daqiqa

Шунингдек, оилавий бизнес учун имтиёзли кредит максимал миқдори 50 млн сўмга етказилиши белгиланмоқда.

2026 йилда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга 140 трлн сўм кредит ажратилади

2026 йилда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 140 триллион сўм кредит ажратиш режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, амалда банклар томонидан таклиф этилаётган кредит шартлари барча ҳудудлар учун бир хил бўлиб келаётгани иқтисодий имкониятлар фарқини инобатга олмайди. Шу сабабли янги тартибга кўра, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, кредит шартлари дифференциация қилинади. Президент мисол тариқасида Олмазор ва Бўзатов туманларини солиштириб, бир хил фоиз ставкаси адолатли эмаслигини қайд этди. Энди «оғир» деб белгиланган 37 туманда оилавий тадбиркорлик кредитлари 12 фоиз ставкада ажратилади.

Кредит лимитлари кенгайди

Янги қарорларга мувофиқ, барча туманларда оилавий бизнес учун имтиёзли кредитнинг максимал миқдори 1,5 бараварга оширилиб, 50 миллион сўмга етказилади. Айрим йўналишлар учун эса алоҳида юқори лимитлар белгиланмоқда. Жумладан, импорт қилинган ва сертификатли наслли чорва хариди учун 100 миллион сўмгача кредит олиш имконияти яратилади. Уй меҳмонхоналари, кичик ҳажмли музлаткичлар, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган мини технологиялар учун эса 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит тақдим этилади. Бундан ташқари, чегара ва анклав ҳудудларда жойлашган 562 та маҳаллада амалга оширилаётган тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит миқдори 1 миллиард сўмгача оширилади.

Қўшимча қўллаб-қувватлаш

Оилавий тадбиркорлик дастурларини молиялаштириш учун жорий йилда режалаштирилган 3,6 триллион сўмга қўшимча равишда яна 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади. Шунингдек, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида банклар томонидан 17 триллион сўмлик кредит ажратилиши белгиланган. Бу жараёнда маҳсулот етиштиришга олинган кредитнинг 4 фоизи, қайта ишлаш лойиҳалари бўйича эса 6 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Кутилаётган ислоҳотлар ҳудудларда тадбиркорлик фаоллигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушганлигини ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid