Logo

2026-йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда

Kecha 08:552 daqiqa

Янгиланган прогноз олдингига қараганда 1,5 фоизга юқори бўлди. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 2029-йилга бориб 6203 долларгача етиши мумкин.

2026-йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда © kapital.kz

2026-йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми ўтга йилга нисбатан қарийб 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг янгиланган Фискал стратегиясида келтирилган.

Олдин эълон қилинган кутилмаларда 1,97 квадриллион сўм бўлиши айтилган ЙИМ ҳажми 2027–2029-йилларга мўлжалланган ушбу ҳужжатда қарийб 2,2 квадриллион сўмга бориши тахмин қилинмоқда. Бунинг ортидан иқтисодий ўсиш 8,1 фоизгача ошиши мумкин. ХВЖнинг жорий йил апрель ойидаги ҳисоботига кўра, геосиёсий кескинликлар ва уларнинг глобал бозорларга таъсири халқаро савдо тизимини қайта шакллантириб, жаҳон иқтисодиётида ноаниқликни кучайтирмоқда. Бунинг оқибатида жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 2026-йил якуни бўйича 2025-йилги 3,4 фоиздан 3,1 фоизгача пасайиши ҳамда 2027-йилда 3,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Шунингдек, жаҳон энергия таъминотидаги тебранишлар натижасида инфляция босимининг кучайиши сабабли 2026-йилда глобал инфляция 2025-йилги 4,1 фоиздан 4,4 фоизгача ошиши кутилмоқда.

1


Қайд этилишича, иқтисодиёт тармоқлари кесимида бозор хизматлари (хусусан, алоқа ва ахборотлаштириш, молиявий, транспорт ҳамда яшаш ва овқатланиш) ва саноат (хусусан, металлургия, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ҳамда автомобилсозлик) асосий драйверлар бўлиши прогноз қилинган.

Ҳужжатда ёзилишича, иқтисодий ўсиш 2027-йилда 6,9 фоиз, 2028-йилда 7,1 фоиз, 2029-йилда 7,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Ялпи ички маҳсулот эса 2027-йилги 5106 доллардан 2029-йилга бориб 6203 долларгача ошиши мумкин.

2


Шунингдек асосий савдо ҳамкорлари иқтисодиётида ўсиш суръатларининг барқарор, бироқ чекланган даражада шаклланиши Ўзбекистоннинг экспорт, пул ўтказмалари ва инвестиция оқимлари учун базавий ташқи талаб муҳитини белгиламоқда. Хусусан, ХВЖ прогнозларига кўра, ўрта муддатда Россияда иқтисодий ўсиш суръатлари 1 фоиз атрофида сақланиши, Хитойда эса иқтисодий ўсиш 2026-йилдаги 4,4 фоиздан 2029-йилда 3,7 фоизгача босқичма-босқич секинлашиши кутилмоқда.

3


Шу билан бирга, Қозоғистонда иқтисодий ўсиш 3,5-4,5 фоиз, Қирғизистонда 5,5-6 фоиз атрофида шаклланиб секинлашувчи тенденцияда бўлиши прогноз қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ЙИМ 35 йил ичида қарийб 5 баробарга ўсгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid