
2030 йилгача Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш 175 тоннага етказилади
Янги саноат дастури доирасида маъдан қайта ишлаш кенгайиб, олтин ва кумуш соҳасида йирик лойиҳалар ишга туширилади.

2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш ҳажмини 175 тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакат саноати янги технологик босқичга ўтиб, қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга қаратилган кенг қамровли дастур ишга туширилади. Ушбу дастур доирасида келгуси беш йилда саноатда қўшилган қиймат ҳажмини ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш асосий мақсад сифатида белгиланган. Шу билан бирга, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш кўзда тутилмоқда.
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Шундан келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширишга хизмат қилади.
Олтин қазиб олиш соҳасида ҳам йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Хусусан, Навоий вилоятидаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Бундан ташқари, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича жами 2,3 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу ташаббуслар натижасида мамлакат бўйича йиллик маъдан қайта ишлаш қуввати 18 миллион тоннага етказилади. Бу эса олтин ишлаб чиқариш ҳажмини изчил оширишга ва 2030 йилга бориб 175 тонна даражасига чиқишга имкон яратади.





