
267 мингдан ортиқ дори воситалари нархлари асоссиз оширилгани аниқланди
2025 йил давомида дорихоналар томонидан дори воситалари нархлари оширилиб, қарийб 8 млрд сўм асоссиз даромад олингани аниқланди.

Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларини ошириб қўллаш ҳолатлари аниқланди.
Дорихоналардаги қонунбузарликлар
2025 йил давомида мазкур тизим орқали келиб тушган хабарлар асосида 765 та дорихона фаолияти ўрганилди. Улардан 119 таси улгуржи, 646 таси эса чакана савдо билан шуғулланган. Текширувлар натижасида 267 мингдан ортиқ ҳолатда дори воситалари нархлари асоссиз оширилгани аниқланди.
Қўмита маълумотларига кўра, ушбу қонунбузарликлар орқали жами 7,95 миллиард сўм миқдорида ноқонуний даромад олинган. Мазкур маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўрилди.
Энг кўп қонунбузарлик аниқланган ҳудуд
Ҳудудлар кесимида энг йирик қонунбузарлик ҳолатлари Тошкент шаҳрида 173 та дорихонада 131 219 та ҳолатда 1 млрд 404,7 млн сўм миқдорда, Самарқанд вилоятида 57 та дорихонада 5 167 та ҳолатда 1 млрд 231 млн сўм миқдорда ва Сурхондарё вилоятида 53 та дорихонада 9 445 та ҳолатда 1 млрд. 570,2 млн. сўм миқдорда истеъмолчилардан дори воситаларини нархларини асоссиз ошириш натижасида маблағлар олинганлиги аниқланган.
Шунингдек, лицензия талаблари бузилган ҳолатлар бўйича тегишли материаллар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тақдим этилган. Қўмита бу йўналишдаги назорат ишлари давом эттирилишини, қонунчилик талабларини бузган дорихоналарга нисбатан чоралар қатъийлаштирилишини ва уларнинг рўйхати очиқ эълон қилиб борилишини маълум қилди.





